Амир Темур – харизматик раҳбар ва миллий давлатчилик тимсоли

05:29 - 9 апрел Янгиликлар
2350

Моҳира Холиқова,

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти

Маҳалла институтини мустаҳкамлаш бўлими бошлиғи,

фалсафа доктори, доцент

  Ўзидан мангу хотира қолдирадиган

  инсонлар учун туғилиш чинакам бахтдир.

  Перикл

ness image

Амир Темур ўрта асрнинг буюк давлат арбоби, марказлашган давлат асосчиси, моҳир ва иқтидорли саркарда, ҳарбий соҳанинг йирик билимдони, илм-фан ва маданият ҳомийсидир.

У 1336 йил 09 апрелда Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хўжа Илғор қишлоғида таваллуд топган. Амир Темурнинг онаси Такина хотун бухоролик, отаси амир Тарағой эса барлос уруғининг оқсоқолларидан ва Чиғатой улусининг эътиборли бекларидан бўлган ҳамда йилда бир маротаба Или дарёси бўйида хон томонидан чақириладиган эл-юрт бекларининг қурултойида муттасил қатнашган.

Бу харизматик раҳбар, юксак тафаккур, кенг дунёқарашга эга инсон ўз давлатининг куч-қудратини ошириш ва мустаҳкамлаш учун энг биринчи навбатда ҳарбий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказди. Улар заминида аввалги давр донишмандларининг тажрибаси, ақл-идроки, ғоялари мужассам эди, айниқса, тараққиёт учун ягона давлат, ўзаро тотувлик, фуқароларга қулай мулкий ва ҳуқуқий шароит яратишга, айниқса савдо-сотиқни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилди.

У Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштириш билан чекланмади, балки унинг сиёсий, ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий асосларини шакллантириб, дунёда аналоги йўқ, буюк салтанат даражасига кўтарди.

Қарийб 30га яқин давлатни бирлаштирган Темурийлар салтанатига маънавий салоҳияти, сиёсий барқарорлиги, иқтисодий самарадорлиги ва ҳарбий қудрати борасида ўша даврнинг бирорта давлати тенглашолмайди. 

Амир Темур ўрта асрлар ижтимоий воқелигига хос ментал-когнитив хусусиятлар, одат ва удумлар доирасида фаолият юритган бўлсада, ирқи, миллати, дини ва келиб чиқишидан қатъи назар инсонларнинг бир бутун ҳудудда яшаши мумкинлиги тўғрисидаги «ягона макон» космополитик ғоясининг илк ташаббускори бўлган. Унинг саиъ-ҳаракатлари туфайли Осиё ва Европа давлатлари тарихда илк бор ягона географик - сиёсий маконда эканлигини ҳис этдилар.

Амир Темурнинг бағрикенглиги, толерантлиги алоҳида эътирофга молик ва у ушбу ғояга асос солган давлат раҳбарларидан ҳисобланади. Унинг Европа қиролларга йўллаган мактубларида «Сиз савдогарларингизни биз томонларга юборсангиз, токи биз уларни барча иззатларни ўрнига қўйиб кутиб олайлик. Бизнинг савдогарларимиз Сиз томонларга борсалар ва уларга ҳам шундай иззат-икром кўрсатсалар. Улар хавф-хатарсиз, тўсиқсиз йўл юрсинлар. Дунёни савдогарлар фаровон қиладилар» - дея таъкидланган.

Ғарб ва Шарқ тамаддунининг конвергенцияси юз бермаган, диний, сиёсий замирда урушлар авж олган даврларда тамаддунлараро позитив алоқалар ўрнатилиши ўта мушкул эди. Амир Темур давлатлараро муносабатларни сиёсий-дипломатик шартномалар орқали мустаҳкамлашни Европа қиролликларига таклиф этган ва бу муаммони дипломатик йўсинда ҳал этишга уринган. Замонавий дипломатияда унинг бу ҳатти-ҳаракатлари «Қўл чўзиш сиёсати» деб аталмоқда. Ушбу ҳаракат маҳсули ўлароқ улкан салтанат билан жаҳоннинг барча йирик давлатлари, шу жумладан, Европа мамлакатлари ўртасида доимий алоқа ўрнатилган ва бу ўз навбатида иқтисодиёт ва маданият тараққиётига хизмат қилган.

У Испания ва Кастилия қироли Энрике III, Англия қироли Генрих I, Франция қироли Карл VI саройларига элчилар йўллади, айни пайтда ўз саройида Кастилия, Испания, Франция, Хитой давлатларининг элчиларини ва вакилларини қабул қилди. Иоанн Франциск (христиан давлати элчиси) шундай ёзади: «Амир Темур форс, араб ва турк тилларини билади. У ислом ҳуқуқшунослигида шу қадар кучлики, ҳеч бир мусулмон олими у билан мунозара қилишга қодир эмас. У уламо ва шоирларга катта ҳурмат кўрсатади». Карл VI томонидан Амир Темур номига 1403 йилда йўлланган мактубда Франция қироллиги билан Амир Темур давлати ўртасидаги савдо алоқаларини ривожлантириш масалалари қайд этилган. Мактубдан кўриниб турибдики, қироллик фуқаролари Амир Темур давлати ҳудудига эркин кириш ҳуқуқига эга бўлган [4].

Амир Темур аввалги давр мутафаккирлари, давлат арбобларининг сиёсий қарашларини, шу жумладан, “Ясоқ”, “Мангу ёрлиқ” сингари давлат бошқарувига оид ҳужжатларни чуқур ўрганган ва «Тузуклар» номли қонун-қоидалар тўпламини яратган. «Тузуклар» ўз даврининг конституциясидир, десак муболаға бўлмайди. Йирик шарқшунос олим Логофет эътироф этганидек, «Туркистонда Ғарбий Европадан 500 йил олдин конституция вужудга келган». «Тузуклар»да инсон омилига олий қадрият сифатида қаралган: «Раият хонавайрон қилинса, давлат хазинаси камбағаллашади, бу эса ўз ўрнида салтанатнинг кучсизланишига сабаб бўлади». Халқнинг фаровон турмуш кечиришини таъминлаш мамлакатнинг иқтисодий-сиёсий қудратини оширишга хизмат қилишини буюк саркарда теран англаган.

Инглиз тарихчиси Гарольд Лэмб: «У Александр Македонский каби қиролнинг ўғли ёки Чингизхон каби қудратли уруғ доҳийсининг меросхўри эмасди. Енгилмас Александр дастлабки ҳарбий юришларида ўз халқидан, яъни македонлардан фойдаланди, Чингизхоннинг ортидан унинг мўғуллари эргашдилар. Темур эса ўз атрофига одамларни тўплашига тўғри келди. Темур ҳеч бир таърифга сиғмайди. У варварлар ­доҳийси Аттила каби Римни изламади, аммо ўз Римини барпо қилди», деб ёзган.

Кўҳна тарих кўп ҳукмдорларни кўрган бўлсада, «адолатли давлат раҳбари» деган ном уларнинг барчасига ҳам насиб этмаган. Улуғ ҳукм­дор салтанатини адолат ва қонун-қоидага таяниб бошқарган. «Тузуклар»да битилганидек, «Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади». Немис лингвисти ва тарихчиси Георг Вебер (Georg Weber): «Темур саркардалик, давлатни бошқариш ва қонунчилик соҳасида буюк талантга эга эди», дейди [1].

«Тузуклар»да бирлашган қудратли давлатнинг ҳарбий-сиёсий ва ахлоқий қоидалари, буюк саркарданинг мамлакатни бошқариш, давлат тизими, ҳарбий санъатга оид қарашлари акс этади: «Салтанатим мартабасини қонун-қоидалар асосида шундай сақладимки, унга зиён етказишга ҳеч бир кимсанинг қурби етмасди». Немис олими Фридрих Шлоссер ўзининг «Жаҳон тарихи» асарида: «Бахтиёр жангчи, жаҳонгир, қонуншунос бўлиш билан бирга ўзида, Осиёда кам учрайдиган тактик ва стратегик билимларни ифодалади», деб ёзади [3].

Амир Темур ва темурийларнинг аёлларга бўлган эҳтироми ва мурувватини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Амир Темур ўзининг суюкли рафиқаси Бибихоним шарафига Самарқандда жоме масжид қурдирди. Ҳинд султонларидан темурзода Шоҳжаҳон рафиқаси Мумтоз Маҳал бегим учун қурдирган Тож-Маҳал - дунё мўъжизаларидан бирига айланган.

«Куч адолатда» шиори бутун давлат ҳудудида ахлоқий ва маънавий мезонга айланган. Шу ўринда бобокалонимизнинг “Куч — адолатда”, “Қонунийлик адолат ўрнатишнинг асосий шартидир”, “Қонуннинг йўқлиги — куфр ва золимликка олиб келади”, “Ҳукмдорнинг ҳар бир амри, фармони — тўра ва тузук, одат ва қонун-қоидаларга таянган бўлиши керак” каби ўлмас ғоялари бугунги тинчлик ва тараққиёт тамойилларига муштарак эканлигини эслатиш жоиз. Тузукларда “Салтанатимнинг у четидан бу четигача бирор болакай бошида бир лаган тилла кўтариб ўтадиган бўлса, бир донасига ҳам зарар етмайдиган тартиб ва интизом ўрнатдим” деб таъкидланган.

Амир Темур давлат, жамият ҳаётида бўлиб ўтадиган ҳар бир муҳим режа олдидан кенгаш ўтказар ва унга нафақат саркардалар, темурзодаларни, балки дин ва илм-фан арбобларини ҳам таклиф этган.

Амир Темурнинг “Кам аҳамиятли ва биринчи марта жиноят содир этиш, кечирим ва адолат истаганлар учун кечиримлидир”, деган узоқни кўзлаган оқилона сиёсати амалдаги қонунчилигимизда кенг қўлланиладиган Олий Мажлис Сенатининг “Амнистия тўғрисида”ги қарорлар ҳамоҳангдир.

Амир Темурнинг маданий-бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари беқиёс. Пойтахт-шаҳар Самарқандни ер юзининг маданий-меъморий ва илмий-маънавий марказларидан бирига айлантирилиши, Шоҳрухия, Шаҳрисабз шаҳарларининг тикланиши, унинг бевосита раҳнамолигида бунёд этилган Бибихоним жомеъ масжиди, Гўри Амир, Аҳмад Яссавий, Занги ота мақбаралари, Оқсарой, Шоҳи Зинда, Боғи Чинор, Боғи Дилкушо, Боғи Беҳишт сингари ўнлаб меъморий обида ва боғлар шулар жумласига киради.

Амир Темур ва унинг авлодлари саиъ-ҳаракатлари билан қурилган аҳоли пунктлари, саноқсиз мадрасалар, масжидлар, саройлар, бозорлар, қалъалар, каналлар, йўллар, кўприклар, меъморчилик дурдоналари дунё маданиятининг узвий қисмидир. Соҳибқироннинг “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, деган сўзлари юқоридаги фикрга далилдир.

У илм-фан, маънавият аҳлига алоҳида эътибор кўрсатган. Болалигиданоқ илмнинг этагини маҳкам ушлаб, аксар вақтини олимлар, шоирлар ва уламолар даврасида ўтказган. Мен оз вақт ичида кўп нарса қилишга ҳаракат қиламан, ҳар бир дамни мазмундор бўлишини истайман, кўп вақт ичида оз иш қилгувчиларни хуш кўрмайман”, дея таъкидлаган. Кўплаб тарихий манбаларда соҳибқироннинг Нуъмониддин Хоразмий, Хожа Афзал, Алоуддин Коший, Ҳофиз Шерозий, Султония епископи Иоанн каби илм-маърифат вакилларига мурувват кўрсатилганлиги айтиб ўтилган. Машҳур тарихчи Ибн Арабшоҳ ёзганидек, «Темур олимларга меҳрибон, саййиду шарифларни ўзига яқин тутар эди. Уламо ва фузалога тўла иззат-ҳурмат кўрсатиб, уларни ҳар қандай одамдан тамом муқаддам кўрарди. Уларнинг ҳар бирини ўз мартабасига қўйиб, иззату икромини унга изҳор қиларди».

Амир Темур илм-фаннинг фалакиёт, риёзиёт, ҳандаса, адабиёт, тарих, мусиқа каби соҳалари равнақига катта эътибор берди. Бу ҳақда француз шарқшуноси Луи-Матье Лянглэ шундай ёзади: “Темур олимларга серилтифот эди. Билимдонлиги билан бир қаторда софдиллигини кўрган кишиларга ишонч билдирарди. У тарихчилар, файласуфлар, шунингдек, илм-фан, идора ва бошқа ишларда истеъдодли бўлган барча кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтдан тушиб, уларнинг ёнига келарди” [2].

Алишер Навоийнинг “Мажолис-ун нафоис” асарида ҳукмдорнинг қаҳрига учраб, жазодан қочиб юрган Абдулқодир исмли кишининг Қуръон оятлари тиловатида бетакрор эканини кўриб, Амир Темур унинг гуноҳидан кечгани, илм билан машғул бўлиши учун шароит яратгани эътироф этилади.

Миллий ғурур тимсоли бўлган буюк бобомизнинг жаҳон миқёсида хотирасини абадийлаштириш йўлида ЮНЕСКО томонидан 1996 йил «Амир Темур йили» деб эълон қилинди. Ўша йил апрель ойида ЮНЕСКОнинг Париждаги резиденциясида «Темурийлар Ренессанси» деб номланган кўргазма ва «Темурийлар даврида фан, маданият ва таълимнинг равнақ топиши» мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди. Бу бежиз эмас эди. Амир Темур олти аср муқаддам Осиё билан Европа ўртасида дипломатик кўприк қурган биринчи ҳукмдор эди. ­

Амир Темур фаолияти жаҳон тарихида улкан бурилиш ясагани эътироф этилади. Шу боис соҳибқирон ҳақида мингдан ортиқ илмий ва бадиий асарлар чоп этилган. Улар орасида Шарафаддин Али Яздийнинг «Зафарнома», Испания ва Кастилия қироллиги элчиси Руй Гонсалес Клавихонинг «Самарқандга - Амир Темур саройига саёҳат кундалиги», италиялик тадқиқотчи Петро Перондинонинг «Скифия­лик Темурбекнинг улуғворлиги», Султония архиепископи Иоаннинг хотиралари, немис тарихшуноси Иоанн Шильтбергернинг «Европа, Осиё ва Африка бўйлаб саёҳат», француз шарқшуноси Луи-Матье Лянглэнинг “Темур ҳаёти” [2], инглиз шоири ва драматурги Кристофер Марлонинг “Буюк Темурланг”, Сергей Бородиннинг “Самарқанд осмонида юлдузлар” номли асарлари, шунингдек, темурийлар тарихи ва маданиятини ўрганувчилар ассоциа­ция­си (Париж) раҳбари, профессор Люсьен Керен томонидан олиб борилган илмий изланишлар салмоқли ўрин эгаллайди. Парижда “La Timuride” номли махсус ва ягона журнал нашр этилади.

Бугунги кунда Амир Темур ва темурийлар тарихига оид ноёб ва раритет асарлар Виктория ва Альберт (Лондон), Британия музейи (Лондон), Миллий музей (Копенгаген), Лувр (Париж), Метрополитен (Нью-Йорк), Шарқ маданияти музейи (Сан-Франциско), Тўпкапы саройи (Истанбул), Эрмитаж (Санкт-Петербург), Амалий санъат музейи (Берлин) каби йирик музейларда сақланмоқда [5].

Ўзбек давлатчилиги тарихида буюк мактаб яратган, ўзликни англаш йўлида тарихий таянч вазифасини бажариб берган улуғ соҳибқирон нафақат ўз даврида, балки бугунги глобаллашаётган дунёнинг сиёсий-дипломатик, маданий-ижтимоий омилларини, янгиланаётган Ўзбекистоннинг тараққиёт тамойилларини шакллантиришда жуда катта аҳамиятга эгалигини эътироф этамиз.

 

Адабиётлар

 

1.    Вебер Г. Всеобщая история. – М., 1887. Т. VIII. – С. 541-549.

2.    Лянглэ Л. Жизнь Тимура / Пер. с франц. Н. Суворов. 1890.

3.    Шлоссер Ф. Всемирная история. – СПб., 1876. Т. III. – С. 503-504.

4.    http://testhistory.ru/history.php?id=his_3_153

5.    http://old.adolatnashr.uz/ru/page/l-keren-saidov-amir-temur-i-franciya-rezyume

 

 

 

Чоп этиш