Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли эътибор қаратиши керак бўлган жиҳатлар

05:10 - 8 май Янгиликлар
88

Маҳаллаларда халқимизнинг тинчлиги ва фаровонлигини мустаҳкамлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни яратиш, ёшларга оид давлат сиёсатини янада самарали амалга ошириш, ўсиб келаётган ёшларимизни мустақил фикрлайдиган, бизнинг қандай буюк тарих ва меросга эга эканимизни англаб, ана шу бебаҳо бойликни қадрлаб, замон билан ҳамнафас яшайдиган ва қадам ташлайдиган, мамлакатимиз тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган етук шахслар сифатида шакллантириш, айниқса, ёшларда мафкуравий иммунитетни мустаҳкамлашда маҳалла фаолларининг таъсири ғоят муҳимдир.

ness image

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли, аввало, маҳалланинг паст-баландини яхши биладиган, ташкилотчи, муайян ҳаётий тажрибага эга бўлган ва ўз ахлоқ-одоби билан аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозонган инсонлар бўлиши лозим. Ҳар бир инсон ахлоқи орқали ўзининг жамиятдаги ўрнини англайди, ҳаётининг мазмунини белгилаб олади. Шунинг учун ҳам ахлоқ масаласи қадим замонлардан буён донишмандлар, жамоат ва давлат арбобларининг диққат марказида бўлиб келган. Юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга бўлган фуқаролар йиғинлари ходимларини шакллантириш бугунги куннинг энг зарур талабларидан биридир. Чунки муомала ва хулқ-атвор маданиятини фақатгина доно сўзлар билан шакллантириб бўлмайди. Маҳаллада ўсаётган ҳар бир йигит-қиз, аввало, ўзларидан катта авлод вакилларининг юриш-туриши, хатти-ҳаракати ва муомаласига тақлид қилган ҳолда вояга етади. Шунингдек, ёшларнинг ахлоқ-одоби учун бутун маҳалла аҳли масъул ҳисобланади. Зеро, маҳаллада ёшларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати барчанинг диққат марказида бўлади. Маҳалладошларнинг ҳар бир ёш тақдирига жавобгарлиги, улар учун куйиниши, юриш-туришини назорат қилиши баркамол шахсни тарбиялаб етиштиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Хулқи ва одоби гўзал, ҳар томонлама намунали фарзанд маҳалланинг обрўси, ноқобил, ахлоқи номақбул авлод эса маҳалла шаъни учун доғ ҳисобланади.

Маҳалладан юртга, дунёга таниқли инсонлар етишиб чиқса, бутун маҳалла аҳли ғурурланади, бошини баланд кўтаради. Аксинча, “фалон маҳаллада мана бундай хунук иш бўлибди”, деган гап эса барчанинг бошини хам қилади, ҳамиятига тегади. Шу сабабдан ҳам маҳалла тартиб-қоидаларига барчанинг амал қилиши шарт саналади. Қадимда кимда-ким буларга риоя қилмаса, у маҳаллада ўтадиган тадбирларга, тўй-маъракаларга таклиф этилмаган. Агар ахлоққа зид ҳаракат қилиб, кибр-ҳаво билан қўни-қўшни ва маҳалла аҳли анъаналарини оёқости қилса ёки бошқаларга беписандлик билан муносабатда бўлса, бундай кимса маҳалладан чиқариб юборилган.

Бугунги маҳаллаларимиз эркин ва ҳур фикрлилик асосида ривожланмоқда. Ҳар бир фуқаро у ерда ўтказиладиган тадбирлар, ташкилий-тарбиявий ишлар юзасидан ўз нуқтаи назари, қарашлари, таклиф ва тавсияларини очиқ билдириш ҳуқуқига эга. Чунки эркин фикр фақатгина маҳалла муҳитининг эмас, балки бутун мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг маънавий пойдеворини ташкил этади. Маҳалла аҳлининг маънавий-ахлоқий тарбия масаласида бир-бирларига маслаҳат беришлари ҳам ҳар жиҳатдан фойдалидир.

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли ўз фаолияти давомида оилалар ва хотин-қизлар билан ўзаро мулоқотда бўлади. Маълумки, муомала ҳар қандай одам, жамият фаолиятининг зарурий шарти ҳисобланади.

Қуйидагилар маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг муомала ва хулқ-атвор маданиятига зид ҳолатлар ҳисобланади:

— димоғдорлик, манманлик ва қўполлик;

— кинояли, дағал тарзда танбеҳ бериш;

— гапирганда инсон қадр-қимматини таҳқирловчи пичинг ва қочириқ сўзлар ишлатиш;

— маст ҳолда мулоқотга киришиш;

— ёлғон гапириш ёки нотўғри маълумот бериш;

— фуқаролар устидан турли иғво, ғийбат ва бўҳтонлар уюштириш ҳамда уларнинг қадр-қиммати ва шахсини таҳқирловчи бошқа ҳаракатларга йўл қўйиш;

— кийиниш маданиятида шахсий намуна бўла олмаслик.

Шундай экан, донишмандлар томонидан айтилган, тарих ва замон синовларидан ўтган муомала маданиятининг қуйидаги умумий қоидаларини ёдда тутинг:

  1. Одоб ва эҳтиёткорлик билан муомала қилиш орқали ҳамма мақсадлар рўёбга чиқади, ёпиқ эшиклар очилади. Мулойимлик билан айтилган сўзлар кўнгилга роҳат бахш этади. Очиқ чеҳра ва ширинсўзлик дўстлик ва муҳаббатга далил бўлади. Шунинг учун ҳамма билан одобга риоя этиб муомала қилинг, очиқ юзли, ширин сўзли бўлинг.
  2. Бир нарсадан хафаланиб, аччиғингиз келиб турган вақтда ҳеч ким билан сўзлашманг, ғазабингиз босилгунча сабр қилинг. Одамларнинг камчиликларини кечиринг, ҳар ишда фикр қилиш ва эътибор беришни унутманг.
  3. Одамларга аралашмай бир четда турманг. Ким учраса, текширмай-нетмай дарҳол оғиз-бурун ўпишиб дўст бўлиб кетманг. Ҳар ишда ҳур фикрли, тўғрисўз бўлинг, тилингиз ва дилингиз бир бўлсин.
  4. Қўпол кишиларнинг муомаласига яхши муомала билан жавоб қайтаринг. Кишиларга қилган муомалангиз сиз улардан кутган муомаладан ҳар ҳолда юқори даражада бўлишига ҳаракат қилинг.
  5. Ўзингиздан кичикларни хўрламанг, ақлингиз ва мартабангиз билан мақтанманг, балки ўз мартабангиз ва бошқаларнинг мартабаларини яхши тушуниб, ҳар кимнинг ўзига муносиб муомала қилинг.
  6. Ҳамсуҳбатингиз гўзал муомала қилишини истасангиз, аввал ўзингиз унга гўзал муомала қилинг: “Одамлар мени ёқтирмасалар, ёқтирмай қўя қолсинлар, нима ишим бор”, демасдан, балки улар билан дўст бўлиш йўлларини изланг, кишиларга муҳаббатли бўлинг.
  7. Халққа яхши ишларни сўзланг, ёмон ишларни яширинг. Одамлар билан муомалангиз шундай бўлсинки, ҳаётлигингизда сизни севсинлар.
  8. Жуда зарур бўлиб қолган вақтдагина халқдан ёрдам сўраш мумкин, бошқа вақтда халқнинг устига юк бўлиб туриш тўғри эмас. Шунинг учун халққа ўз оғирлигингизни солманг, унинг молига хиёнат қилманг, ўзингиз ишланг, меҳнат қилинг, ризқ-рўзингизни ўз меҳнатингиз билан топинг.
  9. Бир ишни бажаришга аҳд қилдингизми, сўзингиз устидан чиқинг, ваъдангизда туринг. Ким билан дўст бўлсангиз, дўстликка содиқ бўлинг. Одамларнинг шодликларидан шодланинг, қайғуларидан қайғуринг. Ўзингиз ёқтирмаган нарсани бошқаларга раво кўрманг.
  10. Жамият манфаати учун хизмат қилинг, бу йўлда сарфлаган вақтингизга ачинманг, чунки бошқаларни севиш, уларга ёрдам бериш, камчиликларини тузатиш улуғлик ва одамийлик белгисидир. 
Чоп этиш