Киберзўравонликдан ҳимояланиш учун нималарга аҳамият бериш лозим?
Ушбу тавсиялар ким учун мўлжалланган?
Сиз опа-сингиллар учун. Биз онлайн зўравонлик ва киберзўравонлик ўзи нима эканлигини сизга маълум қилмоқчимиз ва рақамли маконда қандай хавфсиз бўлиш ҳақида хабар бермоқчимиз.

Баъзи таърифларни билиб олишимиз лозим!
Хотин-қизларга қарши қаратилган зўравонлик – бу аёлларга нисбатан камситиш ва зўравонлик бўлиб, “Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенция (CEDAW) ва бошқа халқаро ҳужжатларда назарда тутилган инсон ҳуқуқларининг бузилишидир. Бу аёлларга нисбатан гендерга асосланган зўравонлик деб аталиб, шахс аёл эканлиги сабабли унга қарши қаратилган бўлади.
Зўравонлик — хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик).
Таъқиб этиш — жабрланувчининг хоҳиш-иродасига қарши, унинг икки ёки ундан ортиқ марта қаршилик кўрсатганлигига ёхуд огоҳлантирганлигига қарамай содир этиладиган, жабрланувчини қидиришда, у билан оғзаки, телекоммуникация тармоқлари воситасида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёки бошқа усулларни қўллаш йўли билан мулоқотга киришишда, унинг иш, ўқиш ва (ёки) яшаш жойига боришда ифодаланган ҳамда жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотирлик қўзғатадиган ҳаракатлар (2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 3-моддаси).
Аёлларга нисбатан онлайн зўравонлик (киберзўравонлик) – бу ахборот технологиялари (мобил телефонлар ва смартфонлар, Интернет, ижтимоий тармоқлар, платформалар ёки электрон почта)дан фойдаланиш орқали, қисман ёки умуман содир этилган, аёлларга таъсир қиладиган зўравонлик ҳаракатларидир.
Эслатма! Зўравонликнинг рақамли муҳитда содир этилганлиги – ҳуқуқбузарликнинг оғирлигини камайтирмайди!
Хотин-қизларга қарши қаратилган зўравонликнинг барча бошқа шакллари сингари, киберзўравонлик ҳам инсон ҳуқуқларининг бузилиши, тенгсизлик натижасидир!
Кимлар киберзўравонликка учрамоқда?
Аслида барчамиз киберзўравонликдан жабр кўришимиз мумкин!
Киберзўравонликнинг сабаблари гендерга асосланган зўравонликда тенгсизликлар ва камситишлар бўлганлиги сабабли, аёллар ва қизлар киберзўравонликка дучор бўлиши эҳтимоли кўпроқ бўлади ва ундан жиддийроқ азоб чекишади.
Маълумотларга кўра, Европа Иттифоқида 23% аёл ҳаёти давомида камида бир маротaба бўлса ҳам Интернетда зўравонликка ёки тегажоғликка дуч келган. Ҳар ўнинчи аёл 15 ёшдан бошлаб интернетда зўравонликнинг баъзи шаклларига дучор бўлган.
Аёллар таълим, ёш, касб, гендерга асосланган камситишнинг кўп ва бир-бирига ўхшаш шаклларига дуч келишади. Шунингдек, ойнаи жаҳонда фаол бўлган ва таниқли аёллар – журналистлар, санъаткорлар, рассомлар, ёзувчилар, олимлар ва/ёки фаоллар киберзўравонликка кўпроқ дучор бўлишади. Улар исталган вақтда кибержиноятларнинг бевосита нишонига айланиши мумкин.
Маълумотларга кўра, 15-24 ёшдаги ёшларнинг 94 фоизи Интернетдан фойдаланади. UNICEF томонидан бир миллион ёшлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, глобал миқёсда ёшларнинг 70%дан ортиғи киберзўравонликка дуч келмоқда. Туркияда киберзўравонликка энг кўп дучор бўлган шахслар 25 ёшдан 40 ёшгача бўлганлар экан.
Киберзўравонликни кимлар содир этади?
Киберзўравонлик содир этган шахс аёлнинг собиқ ёки ҳозирги турмуш ўртоғи/шериги, қўшниси, ҳамкасби/тенгдоши, қариндоши ёки умуман бегона шахс бўлиши мумкин.
Киберзўравонлик содир бўлгани учун биз айбдор эмасмиз! Бу жиноят жазоланиши керак, албатта!
Гарчи жиноятчилар турли хил тактика ва воситалардан фойдалансалар ҳам, уларнинг барчасининг мақсади битта – ҳижолат қилиш, камситиш, қўрқитиш, сукут сақлашга мажбур қилиш.
Киберзўравонлик қандай юзага келади?
Киберзўравонлик ҳаракатлари ижтимоий медиа платформалари, хабар алмашинуви иловалари, форумлар, ўйин чатлари, электрон почта каби ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилади.
Жиноятчилар, одатда, назоратни ўз қўлларида сақлаб қолишга қатъий қарор қилишади ва рақамли технологиялар бу мақсадда фойдаланадиган кўплаб воситалардан биридир.
Агар ҳуқуқбузарни сиз ҳақингизда жуда кўп маълумотга эга деб ҳисобласангиз, у бу маълумотни қурилмаларингизни кузатиш, ҳисобларингизга кириш, жойлашувингизни кузатиш ёки Интернетда мавжуд бўлган маълумотларни тўплаш орқали олиши мумкин.
Келинг, ушбу мавзуни бир нечта мисоллар билан кўриб чиқайлик.
Киберзўравонлик кўплаб кўринишларга эга. Баъзи турлардан бири кибертаъқибдир. У “сталкинг”, “таъқиб қилиш” деб ҳам аталади.
Кибертаъқиб – бу Интернет ёки бошқа электрон иловалар ва платформалардан фойдаланадиган шахсни унинг иродасига қарши кузатуви бўлиб, зарар ёки оғир стрессни келтириб чиқарадиган хатти-ҳаракатлар.
Бизнинг ҳаракатларимизни “клавиатура тутувчи” ёки “кийлоггер”лар каби жосус дастурлар орқали кузатиш мумкин. Фойдаланувчи ўзи билмаган ҳолда унинг ҳаракати (ҳар бир тугмача босилиши)ни ёзиб оладиган жосус дастурлар мавжуд.
Яна бир кенг тарқалган тури – бу онлайн-таъқиблар. Мана бир нечта мисоллар:
- жинсий мазмундаги хабарларни электрон почта орқали тарқатиш;
- рақамли платформаларда тажовузкор хабарлар, жисмоний ва/ёки жинсий зўравонлик таҳдидларини тарқатиш.
Зўравонликнинг кўпинча болалик ва ўсмирлик даврида учрайдиган яна бир кўриниши – онлайн-безорилик ёки кибербуллинг. Киберзўравонлик – рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда безорилик қилишдир. Бу ижтимоий тармоқларда, хабар алмашиш платформаларида ёки чатларда мобил телефонлар орқали содир бўлиши мумкин. Бунинг мақсади қўрқитиш, ғазаблантириш ёки маълум бир шахсларни шарманда қилишдан иборат.
Энг жиддий оқибатларга олиб келадиган яна бир тури – шахснинг расмларини уларнинг розилигисиз тарқатиш. Тасвирларни розиликсиз тарқатиш – материалларда тасвирланган шахсларнинг розилигисиз интим характердаги фотосуратлари ва видеоларини онлайн тарқатиш.
Ҳуқуқбузар, одатда, аёлнинг собиқ турмуш ўртоғи бўлиши мумкин. Муносабатлар яхши, илиқ пайтида фотосуратлар ёки видеоларни сақлаб қўйган бўлиши мумкин. Ушбу тасвирлар муносабатларни тугатмаслик ёки бошқа талаблар учун таҳдид сифатида ишлатилиши мумкин. Жиноятчилар собиқ турмуш ўртоғи ёки шерик бўлишлари шарт эмас, умуман бегона одам ҳам бизнинг компютерларимизга/ҳисобларимизга кириши ва таҳдидларни амалга ошириш учун расмларимиздан фойдаланиши мумкин.
Шахснинг розилигисиз шахсий маълумотлардан фойдаланиш доксинг бўлиб (шахсий аккаунтларни бузиш, паролларни ўғрилаш ва ҳ.к.), махфийликка тажовуз ҳисобланади.
Мисоллар:
- бизнинг розилигимизсиз фотосуратларимиз ва видеоларимиздан фойдаланиш, яъни бундай материалларни олиш, ишлатиш, манипуляция қилиш ва тарқатиш;
- шахсий маълумотларни, шу жумладан, (жинсий) тасвирларни, аудио ва видео ёзув маълумотларни шахснинг розилигисиз ёзиб олиш ва тарқатиш;
- шахсий маълумотлармиздан фойдаланган ҳолда бизнинг номимиздан профил яратиш;
- “Доксинг”ни амалга оширувчи рухсатимиз ва розилигимизсиз шахсий маълумотларимизни қидириши, йиғиши ва нашр этиши;
- қариндошларимиз, дўстларимиз, ҳамкасбларимизга шахсимизга нисбатан туҳмат қилиш орқали мурожаат қилиши, хижолат қилиши ёки уларни ҳақорат қилиш.
Киберзўравонликнинг оқибатлари қандай?
Киберзўравонликка дуч келганимизда, биз “ғазаб, ночорлик, заифлик, шахсий хавфсизлигимиз ҳақида ташвишланиш, қўрқув ва қайғу”ни бошдан кечиришимиз ёки “оиламиз ва дўстларимиз бу ҳақида билиб қолиши”дан қўрқишимиз мумкин. Биз бошдан кечирган зўравонлик оқибатида ўзимизни айблашимиз ёки зўравонлик юзасидан ҳеч нарса қила олмаслигимиз ёхуд вазиятни ҳеч қандай тарзда ўзгартириб бўлмайди, деган қарорга келишимиз мумкин. Қўшимча равишда ҳаттоки ижтимоий медиа аккаунтларимизни ўчириб ташлашимиз ёки интернетдан фойдаланишни бутунлай тўхтатишимизга сабаб бўлиши мумкин.
Киберзўравонлик натижасида аёллар, қоида тариқасида, қўрқув, ташвиш ва тушкунликни бошдан кечиради. Бу уларни тармоқ муҳитидан чиқишга мажбурлайди. Бу кўпинча зўравонликка дучор бўлган одамларнинг касбий фаолияти ва даромад олишига таъсир қилади ҳамда уларнинг ҳаракатчанлигини чеклайди. Аёллар ва қизлар ўртасида зўравонликнинг онлайн шакллари психологик, ижтимоий ва репродуктив соғлиги учун салбий оқибатларга олиб келади ва офлайн муҳитда жисмоний ва жинсий зўравонлик қурбонларига айланиш эҳтимоли мавжуд.
Хавфсизлигингизни қандай таъминлай оласиз?
Онлайн зўравонликнинг қурбонига айланганингизда ёки унинг таъсири остида бўлганингизда гўё ҳамма нарса назоратдан чиқиб кетгандек туюлиши, бундай ҳолатда сиз умуман ҳеч нарса қилишнинг иложи йўқ деб ҳисоблашингиз мумкин. Бироқ ўзингизни қўлга олишингиз ва амалга оширишингиз мумкин бўлган чоралар бор:
Ўзингизга ишонинг!
Сиз ўзингизга ишонишингиз ва зўравонлик қурбони бўлганингизни англашингиз, бу асло сизнинг айбингиз эмаслиги, аксинча, уларнинг ҳаракати нотўғрилигини унутманг! Ҳар доим ўзингизни айбламаслигингиз кераклигини эслатиб туринг ҳамда зўравонликни ҳеч қандай ҳолатда оқлаб бўлмаслигини унутманг!
Эслатма! Зўравонлик ҳолатидан сўнг пайдо бўлган ҳис-туйғулар, эҳтиёжлар ва ҳаракатлар ҳар бир кишида ҳар хил бўлиши мумкин!
Сиз дўстларингиз, оила аъзоларингиз ёки ўзингиз ишонадиган одамлардан бирига содир бўлган ҳолат ҳақида айтиб беришингиз мумкин. Кимга ишонишни фақат ўзингиз яхши биласиз-ку, ахир! Сиз психологлар, адвокатлар ёки ахборот хавфсизлиги соҳасидаги мутахассислардан маслаҳат олишингиз мумкин.
Севимли машғулот тури билан шуғулланинг!
Сиз ҳар куни ўзингизга бироз вақт ажратишингиз, ўзингиз ва ижтимой тармоқлар ўртасида масофа яратишингиз шарт. Ўзингиз ёки дўстларингиз билан ҳамкорликда кайфиятни кўтарадиган машғулот билан шуғуланишингиз мумкин.
Маълумотларни тўпланг!
Ўзингиз дуч келган киберзўравонлик ҳолатларига оид маълумотларни йиғинг. Қонуний усулларга мурожаат қилганингизда, сизга бу далиллар керак бўлади. Шунингдек, ушбу далиллар сизнинг аҳволингизни яхшироқ баҳолашга ва хавфсизлигингизни режалаштиришга ёрдам беради.
Скриншотлар қилишни унутманг!
Агар сиз шикоят қилишга қарор қилсангиз…
Сиз қандай ҳуқуқларга эга эканлигингизни билишингиз керак. Ҳуқуқий қоидалар билан танишиш учун сиз шу иш билан шуғулланадиган адвокатлардан ёрдам олишингиз мумкин. Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ёки прокуратурага ариза топширишингиз мумкин. Барча тегишли далиллар олдиндан тўпланганига ишонч ҳосил қилинг. Агар сиз бу ҳақида тегишли органларга хабар беришга қарор қилсангиз, ишончли одамдан ушбу ҳаракатлар пайтида сизга ҳамроҳ бўлишини сўранг. Агар зўравон сизнинг ҳамкасбларингиздан бири бўлса, бу ҳақда иш жойингизда хабар беришингиз мумкин (одоб-ахлоқ комиссиялари, касаба уюшмаси ва бошқалар).
Шахсий маълумотларингизнинг ҳимояси ва шахсий ҳаётингиз дахлсизлиги сизнинг асосий ҳуқуқларингиз эканини унутманг!
Рақамли хавфсизлигингиз учун тавсиялар
Паролларингиз қанчалик ишончли ва хавфсиз?
Паролларни вақти-вақти билан ўзгартиринг ва энг кўп ишлатиладиган, осон топиладиган рақамли пароллардан (“12345” каби) фойдаланманг.
Постларингизда рақамли платформалардаги хавфсизликка оид маълумотларингиз билан очиқламанг.
Барча платформаларда бир хил паролдан фойдаланиш ҳам хавфсизликка тўғри келмайди. Шунингдек, сизнинг паролларингиз шахсий маълумотлар ҳисобланади ва сиз уларни дўстларингиз, оила аъзоларингизга ишониб айтишингиз ноўрин.
Шикоят механизмларидан фойдаланасизми?
Агар сиз Интернетда зўравонликка дуч келсангиз, воқеа содир бўлган платформанинг шикоят механизмидан фойдаланишингиз мумкин. Шу йўл орқали рақамли платформалар сиз ва бошқа барча фойдаланувчилар учун хавфсизроқ бўлишини таъминлашингиз мумкин.
Шикоят механизмларидан фойдаланганда эҳтиёт бўлиш лозим, чунки шикоятни тўғри кўриб чиқиш учун уни тегишли рукн остида юбориш керак бўлади. Мисол учун, кимдир Инстаграмда сизни сиз таниган одам номидан фотосуратларингиз ёрдамида аккаунт яратган бўлса, сиз “Спам” рукнига шикоят қилмайсиз, бунинг ўрнига, сиз “Аккаунт ҳақида хабар бериш” (Report Account)ни танлашингиз ва аввал уни “Ноўрин” (Inappropriate) деб белгилашингиз керак. Шундан сўнггина “Кимдир ўзини бошқа биров деб таништирмоқда” рукнига шикоят жўнатиб (It’s pretending to be someone else), “Мен/мен билган одам/машҳур шахс ёки жамоат арбоби” (Me/Someone I know/A celebrity or public figure) деган вариантлардан бирини танлаб жўнатишингиз лозим.
Хавфсизлик созламаларини ўрнатдингизми?
Рақамли платформалар аъзоси сифатида рўйхатдан ўтишда киритилган электрон почта манзилингиз ёки телефон рақамингизни кўриш ваколатига эга шахсларни танлашингиз мумкин. Бундан ташқари, сиз рўйхатдан ўтган платформадаги қидирув натижалари орасида сизга оид маълумотларни кўрсатиш мумкинлиги бўйича рукнни танлашингиз мумкин. Сиз ҳатто баъзи платформаларда “юз орқали аниқлаш” каби функцияларни ўчириб қўйишингиз мумкин. Бунинг учун, рўйхатдан ўтган платформанинг хавфсизлик созламаларини ўрганишингиз кифоя. Платформада рўйхатдан ўтганингизда ушбу платформада бирор ўзгариш бошланишидан олдин хавфсизлик созламаларини ўрнатганингиз маъқул.
Икки босқичли аутентификацияни ёқдингизми?
Кўпгина рақамли платформалар икки босқичли аутентификация хусусиятига эга. Агар сиз ушбу хусусиятдан фойдалансангиз, аккаунтингизга янги қурилма кирмоқчи бўлса, ҳар доим сизга код юборилади. Бу сизнинг қурилмангиз ёки браузерингизни ўзгартирганда аккаунтингизга хавфсиз киришингизни таъминлайди.
Жамоат жойларида хавфсизлигингизга эътибор берасизми?
Жамоат жойларида бўлганингизда, иложи бўлса, бегоналар ҳам кириши мумкин бўлган умумий уланишлар ўрнига ўзингизнинг Интернет алоқангиздан фойдаланинг. Компьютерингиз учун интернетга уланиш керак бўлганда, сиз ҳатто мобил телефонингизни модем (кириш нуқтаси) сифатида ишлатганингиз маъқул. Шунингдек, жамоат жойларида компьютерда қидирув тизимлари учун ўз аккаунтингиздан фойдаланганингизда барча платформалардан чиқишни ва браузер тарихини тозалашни унутманг.
Сиз учинчи шахсларга ваколат берганмисиз?
Рақамли платформалардаги иловаларга кириш ёки ушбу иловаларнинг баъзи функцияларидан фойдаланиш учун маълум платформалардаги аккаунтингиздан фойдалансангиз, хавфсизлик муаммолари пайдо бўлиши мумкин. Масалан, Google, Facebook ёки X (Twitter) аккаунтингиздан фойдаланиш ўрнига, обуна бўлган платформангиз учун янги профил яратишингиз керак. Агар сиз ушбу платформаларда рухсат берган шахсларингизни текширсангиз ва керак бўлмаганлар учун авторизацияни ўчириб қўйсангиз яхши бўлади.
Жойлашувингиз ҳақида маълумот алмашасизми?
Агар сиз зўравонликка дучор бўлишим мумкин деб ўйласангиз, ижтимоий тармоқларда қаерда яшашингиз ҳақидаги маълумотни тарқатмасликка ҳаракат қилинг.
Қурилмангизда сизга таниш бўлмаган илова ўрнатилганми?
Телефонингиз ва компьютерингизни текширинг ва ўзингиз ўрнатмаган барча иловаларни ўчириб ташланг. Ушбу иловаларни қурилмаларингизга сизни томоша қилаётган ва кузатаётган одамлар ўрнатиши мумкин.
Сизни аллақачон кузатаётгани ёки кузатиш учун махсус дастурлар ўрнатишмаганига аминмисиз?
Сиз электрон почта орқали олган хабарлар ҳар доим ҳам тўғри мақсадда юборилмайди. Агар сиз электрон почтадаги ҳаволани босган бўлсангиз ёки бирор ҳужжатни юклаб олган бўлсангиз, уларда вируслар ёки зарарли дастурлар, шунингдек, компьютерингиздан барча маълумотларни тўплайдиган дастурлар бўлиши мумкин. Электрон почтада зарарли дастур мавжудлигини тушуниш учун, биринчи навбатда, юборилган электрон почта манзилини ва бириктирилган файл форматини текширинг.
Fishing муаммоси ҳақида қанчалик хабардор эканингизни куйидаги ҳавола орқали текширинг: https://phishingquiz.withgoogle.com
Дўстларингиз хавфсизлиги учун нима қилишингиз мумкин?
- Агар яқинларингиз ёки танишларингиз киберзўравонликка дучор бўлган бўлса, уларга ёрдам тариқасида ижтимоий тармоқларда шикоят функциясидан фойдаланишингиз мумкин.
- Сиз киберзўравонликка дучор бўлган дўстингизга ёки бошқа шахсга қўллаб-қувватлаш хабарини юборишингиз мумкин, шунда улар ёлғиз эмасликларини билишади.
- Ҳуқуқбузар таниш одам бўлиши мумкин. Бундай ҳолда, агар сиз зўравонни оқлай бошлаётганингизни ҳис қилсангиз, фикрингизни қайта кўриб чиқинг, зўравонликни оқлаш учун ҳеч қандай асос йўқлигини ҳеч қачон унутманг.
- Сиз салбий маънодаги сўзлар ва жинсий қарашларга хайрихоҳ бўлмаслигингиз, уларни қабул қилмаслигингиз, шунингдек, уларни тарқатмаслигингиз, улар билан бўлишмаслингингиз керак!
- Хабарларингиз ва постларингизда белгилаган одамларингизнинг маълумотларидан фойдаланганлигингиз учун рухсат олинг! Сиз ўз постларингизга кимнидир белгилаш чоғида ўзгаларга хавфсизлик борасида муаммолар яратишингиз мумкинлиги ҳақида унутманг!
Ишонч телефонлари: 112, 1102.