Жамият ҳаётида диний ва дунёвий қадриятларнинг ўрни

09:34 - 11 апрел Янгиликлар
147

Қадрият атамаси арабча “қадр” сўзидан олинган бўлиб, қимматли, фойдали деган маънони англатади. Инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарсалар, масалан, эркинлик, тинчлик, адолат, ижтимоий тенглик, маърифат, ҳақиқат, яхшилик, гўзаллик, моддий ва маънавий бойликлар, анъана, урф-одат ва бошқалар қадриятлар ҳисобланади.

“Қадриятлар, – деб ёзади О.Мусурмонова – авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ва маълум жамиятлар ва ижтимоий гуруҳларда узоқ вақт давомида такрорланиб келадиган ижтимоий ва маданий меросдир”.

Қадриятлар амал қилиш қамровига кўра, шахсий, оилавий, жамоавий, миллий ва умуминсоний қадриятларга, асосий манба сифатида таянишига қараб эса диний ва дунёвий қадриятларга бўлинади.

ness image

Дунёвий қадриятлар – инсон ва жамият ривожланишида умумий аҳамиятга эга бўлган, миллат, дин, ирқ ва ижтимоий мансубликдан қатъи назар, барча инсонларга тегишли маънавий-ахлоқий, ижтимоий ва маданий тамойиллардир. Улар цивилизация жараёнида шаклланган ва давомий эволюцияга дуч келган умуминсоний қадриятлар сифатида қаралади. Дунёвий қадриятлар секуляр қадриятлар деб ҳам аталади. Секуларизация жараёни диний қадриятларнинг инсонлар ҳаётида асосий ўрин эгалламаслиги билан алоҳида аҳамиятга эга жараён ҳисобланади.

Дунёвий қадриятлар – диний таълимотлар ёки эътиқодларга суянмасдан, инсон фаровонлиги, оқилона фикрлаш ва ахлоқий турмуш тарзига йўналтирилган тамойиллардир. Улар жамият тараққиёти ва инсонлар ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.

“Дунёвий қадриятлар” атамаси фалсафа ва ижтимоий фанлар доирасида пайдо бўлган бўлиб, унинг асл маъноси секуляризм ва гуманизм тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ. Буюк француз инқилоби даври (1789–1799)да секулярлик ғоялари кенг тарқалган бўлиб, диндан мустақил инсон ҳуқуқлари, эркинлик ва тенглик каби қадриятлар илгари сурилган.

Фалсафада дунёвий (секуляр) қадриятлар (бу ерда асосан ақл назарда тутилмоқда)ни устун қўядиган оқим намоёндалари рационалистлар, диний қадриятларни устун қўювчи инсонлар иррационалистлар сифатида баҳоланади.

XIX ва XX асрларда Жон Стюарт Милл, Иоганн Готлиб Фихте, Иммануил Кант каби мутафаккирлар инсон ҳуқуқлари, эркин фикрлаш ва ижтимоий тенглик масалаларини муҳокама қилдилар. ХХ асрда Жан-Пол Сартр, Эрих Фромм ва Юрген Ҳабермас каби файласуфлар дунёвий қадриятларнинг демократия, ҳуқуқ ва инсон камолотидаги ролини тадқиқ қилдилар. Социолог олим Мах Вебер эса секуляр қадриятларни шакллантиришда рационалликнинг ўрни юқори эканлиги, инсонлар ҳаётида диний қарашлардан кўра рационал, яъни реал ҳаёт билан яшаш устуворлик касб этишини таъкидлаган.

Фанда “дунёвий қадриятлар” тушунчаси ХХ асрда социология, фалсафа ва сиёсатшунослик соҳаларида аниқ таърифлана бошлади. Жумладан, ЮНЕСКО ҳужжатларида инсон ҳуқуқлари, маданий хилма-хиллик ва тинчликни таъминлашда дунёвий қадриятларнинг аҳамияти таъкидланган.

Дунёвий қадриятлар бир нечта асосий йўналишларга бўлинади:

· ахлоқий қадриятлар: инсонпарварлик, бағрикенглик, адолат ва масъулият;

· ижтимоий қадриятлар: тенглик, демократия, сўз эркинлиги;

· маънавий ва маданий қадриятлар: билим, фан, санъат ва маданий хилма-хилликни қадрлаш;

· экологик қадриятлар: табиатни муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланиш.

Дунёвий қадриятларнинг асосий тамойиллари:

1. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари. Ҳар бир шахс ўз қадр-қимматига эга бўлиб, унинг ҳуқуқлари ҳурмат қилиниши лозим. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам инсон шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ажралмас ҳуқуқлари олий қадрият сифатида белгиланган.

2. Адолат ва қонун устуворлиги. Жамиятда қонунлар барча учун тенг ва адолатли бўлиши, уларнинг устуворлиги таъминланиши керак.

3. Тинчлик ва бағрикенглик. Миллатлар, динлар ва маданиятлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тотувликни таъминлаш муҳимдир. Ўзбекистонда кўп миллатли халқнинг тинч-тотув яшаши учун ҳуқуқий ва ижтимоий-сиёсий асослар мустаҳкамланмоқда.

4. Билим ва маърифат. Илм-фан ва таълимга интилиш жамият тараққиётининг асосидир. Ўзбекистонда диний ва дунёвий билимларни уйғунлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

5. Оила ва жамият. Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг мустаҳкамлиги ва маънавий қадриятлари жамият барқарорлигига хизмат қилади. Миллий қадриятлар ва оила мавзусидаги тадқиқотларда ҳам бу масалага алоҳида урғу берилган.

Туркия Республикасида диний ва дунёвий қадриятларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида бир қатор илмий изланишлар олиб борилган. Хусусан, Исмоил Демирезен Шарқдаги мамлакатларда секуляр қадриятларнинг ривожланиши миллий қадриятларнинг аҳамияти камайиб кетишига олиб келиши мумкинлигини таъкидлайди.

Социолог олим Кемал Шаннинг фикрича, Туркияда секуляр қадриятларнинг ривожланиши замонавийлик, атеизм ғояларига йўғрилиши натижасида анъанавий қадриятларга путур етишига олиб келиши мумкин.

Алтинташга кўра, дунёвийлик – диннинг ижтимоий тузилмадаги обрў ва кучини йўқотиши, ғайритабиий ҳодисаларни табиий ва дунёвий ҳодисалар сифатида қабул қилиш, инсон онгини диний ва метафизик алоқалардан озод қилиш, динни виждон масаласига айлантиришдир.

Илоҳиётшунос олим Исмоил Экинжи эса кўчадаги энг жоҳил ва догматик диндорларга ҳам таъсир қилган секуляризация замонавийликнинг муқаррар натижаси сифатида майдонга чиққанини бутун ижтимоий гуманитар фанларда бахсли масала сифатида баҳолайди.

Шахсда дунёвий қадриятларнинг жуда юқори ўрин эгаллаши қуйидаги салбий ҳолатларни юзага келтириши мумкин:

– ахлоқий қадриятларда бўшлиқларнинг вужудга келиши, ахлоққа нисбатан нисбий ёндашувларнинг кўпайиши;

– шахсий манфаатларнинг жамоа манфаатларидан устун қўйилиши;

– шукроналик хиссини камайиб кетиши, норозилик кайфиятининг кучайиб бориши;

– анъанавий қадриятлар, хусусан оилавий қадриятларнинг бутунлай ўзгариб кетиши;

– космополитизм (ватансизлик) ғоясининг авж олиши;

– “Оммавий маданият”нинг нормал ҳолат сифатида қабул қилиниши.

 

Дунёвий қадриятлар ва дин

Дунёвий қадриятлар аксарият ҳолларда диний қадриятлар билан ўзаро уйғунликда фаолият юритади. Масалан, Ислом, Христианлик ва Буддизм каби жаҳон динлари ҳам инсонпарварлик, адолат, бағрикенглик ва илмга интилиш каби қадриятларни тарғиб этади. Бироқ, дунёвий қадриятлар ҳуқуқий ва фалсафий жиҳатдан диндан мустақил равишда ҳам қаралади, бу эса уларни универсал тушунча сифатида кўришга имкон беради.

Тасаввуф таълимотида ҳам дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилган бўлиб, Бахоуддин Нақшбанднинг “Нақшбандия тариқати” Дил ба ёру, даст ба кор (Дилинг Аллоҳда, қўлинг меҳнатда бўлсин), деган тамойилга асосланади. Бунда яшаётган фоний дунё (ўткинчи)ни деб, ҳақиқий дунё (инсон вафот этганидан кейин руҳининг яратганнинг олдига бориши)ни унутмаслиги кераклиги акс эттирилади.

Н.З.Мадаминова фикрича: “Диний ва дунёвий қадриятлар уйғунлигидаги меъёрларнинг бузилиши диний ва дунёвий қадриятларнинг қадрсизланиши, яъни одамларнинг ахлоқий ва аксеологик жиҳатдан таназзулга учрашига олиб келади”.

Дунёвий қадриятлар жамиятнинг барқарорлиги ва инсонлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Улар миллий, диний ва маданий қадриятлар билан уйғунлашиб, жамият тараққиётига хизмат қилади.

 

Ҳожиев Расулбек Бойназар ўғли

Оила ва гендер илмий-тадқиқот институти

катта илмий ходими, PhD


Чоп этиш