Халқаро конференция

05:03 - 13 октябр Янгиликлар
369

USAIDнинг Ўзбекистондаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури ҳамда

“Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти

“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” доирасида амалга ошириладиган “Комплекс гендер ёндашуви гендер тенглигига эришишнинг самарали воситаси сифатида” мавзусида

Халқаро конференция ишида иштирок этишга таклиф этади

ness image

Ташкилотчилар: USAIDнинг Ўзбекистодаги Ҳуқуқий ислоҳотлар дастури, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти

Ўтказилиш санаси: 2023-йил 24-ноябр

Ўтказилиш жойи: International меҳмонҳонаси, Crystall Ballroom.

 

“Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” ҳар йили фуқаролик жамияти ташаббуси билан ўтказиладиган Халқаро тарғибот кампаниясидир. У 25-ноябр – "Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка бархам бериш куни"да бошланиб, 10-декабр – "Инсон ҳуқуқлари куни"гача давом этган ҳолда, аёлларга нисбатан зўравонлик бутун дунёда энг кенг тарқалган инсон ҳуқуқлари бузилиши эканлигини кўрсатиб беради.

 Фуқаролик жамиятининг ушбу ташаббусини қўллаб-қувватлаш мақсадида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш бошчилигидаги “2030-йилгача аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун бирлашамиз” (UNiTE) ташаббус аёлларга нисбатан зўравонликка бутунлай барҳам бериш учун хабардорликни ошириш, қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш бўйича ҳаракатларни кучайтириш, ўзаро билим алмашиш ҳамда инновациялар бўйича глобал ҳаракатларга чақиради. UniTE ҳукуматлар, ривожланиш жараёни субъектлари, фуқаролик жамияти, аёллар ташкилотлари, ёшлар, хусусий сектор, оммавий ахборот воситалари ва бутун БМТ тизимини хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши курашда кучларни бирлаштиришга даъват этади. 

2023-йилда UNiTE кампанияси мавзуси "Хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга сармоя киритиш" бўлиб, биринчи навбатда, зўравонлик содир бўлишининг олдини олиш учун турли хил профилактика стратегияларини молиялаштириш муҳимлигига эътибор қаратади. UNiTE кампаниясининг асосий тамойиллари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • 16 кунлик фаол ҳаракатларда хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш ва тўхтатишда аёллар ҳаракати ва уларнинг етакчилигини хурмат қилиш ва эътироф этиш;
  • “Ҳеч кимни беэътибор қолдирмаслик”, инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашувни қабул қилиш;
  • жабрланувчилар манфаатларига асосланган ёндашувдан фойдаланиш – жабрланувчига нисбатан хурмат қилиш ва “Зарар етказмаслик” ёндашувини қўллаш;
  • хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича давлатлараро ва оммавий стратегияларни ишлаб чиқиш ва кучларни бирлаштириш;
  • хотин-қизлар учун адолатли гендер меъёрлар ва фундаментал, барқарор ўзгаришлар динамикасини яратиш ёки мустаҳкамлаш учун гендер роллари, режимлари ва амалиётлар ҳақида танқидий фикр юритишни рағбатлантириш.

USAIDнинг Ўзбекистондаги ҳуқуқий ислоҳотлар Дастури миллий ҳамкорлар билан биргаликда “Хотин-қизларга нисбатан гендер зўравонликка қарши 16 кунлик фаол ҳаракатлар” доирасида халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқда. Конференция мавзуси “Комплекс гендер ёндашуви – гендер тенглигига эришишнинг самарали воситаси сифатида” интеграциялашган гендер ёндашуви нуқтаи назаридан аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш бўйича сиёсат ва стратегияларни ишлаб чиқиш билан боғлиқ.

Гендер бўйича комплекс ёндашуви (инглизча – Gender Mainstreaming)нинг моҳияти гендер тенглиги моҳияти жамиятнинг барча соҳаларига тегишли эканлигини инобатга олган ҳолда, таҳлил қилиш, режалаштириш, бюджетлаштириш ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг қарорлар қабул қилиш жараёнида гендер жиҳатларини эътиборга олиниши зарурлигини билдиради.

Давлат хизматчилари ўз фаолиятида гендер жиҳатларни аниқлашга қийналаётган шароитда тармоқ сиёсати, стратегия ва дастурларига комплекс гендер ёндашувни жорий этиш жуда қийин вазифа ҳисобланади, чунки амалиётда гендер масалаларига, энг яхши ҳолатда, фақат ижтимоий соҳада эътибор қаратиш ривожланган. Аммо, иқтисод, сиёсат ва хавфсизлик соҳаларида қабул қилинган ҳар қандай қарорлар аёллар ва эркакларга турлича таъсир қилади.

Ушбу қийинчиликлар объектив ва субъектив характерга эга бўлиб, уларни бартараф этиш маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш, стратегик режалаштириш, лойиҳалаш, мониторинг ва баҳолаш мезонларини ўзгартириш билан боғлиқ тизимли ҳаракатларни талаб қилади. Аммо, биринчи навбатда, “гендер” атамасининг нотўғри талқин қилиниши ва нотўғри тушунилиши натижасида юзага келадиган ички қарама-қаршиликни енгиш керак. Бу мутасадди вазирлик ва идораларда фаолият юритаётган давлат хизматчилари салоҳиятини ошириш бўйича ишларни олиб боришни тақозо қилади.

Конференцияни ўтказишдан кўзланган мақсад хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатларига қарши курашда самарали восита сифатида интеграциялашган гендер ёндашувининг моҳияти ва уни қўллаш бўйича илғор тажрибаларни, хорижий экспертлар, маҳаллий мутахассислар, академиклар ҳамжамияти ва фуқаролик жамиятлари институти аъзолари иштирокида муҳокама қилишдан иборат.

Конференция умумий ялпи сессия ва учта шуъбаларда ишлашни ўз ичига олади:

  • гендер тенглигига эришишда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш;
  • комплекс гендер ёндашувини қўллаш ва самарали гендер сиёсатини ишлаб чиқиш учун маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва қайта ишлаш;
  • хотин-қизларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини мустаҳкамлаш.

 

Конференция якунлари бўйича комплекс гендер ёндашувидан фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, гендер сиёсатини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш бўйича тавсиялар акс эттирилган маъруза тезислари билан конференция материаллари тўпламини нашр этиш режалаштирилган.

 

Юритиладиган тиллар: ўзбек, рус ва инглиз тиллари

Тезис ва тақдимотлар тайёрлаш учун конференция иштирокчиларига қўйиладиган талаблар:

  • 2023-йил 5-ноябрга қадар “Халқаро конференцияда иштирок этиш” мавзусидаги эслатма билан ташкилотчиларга маъруза тезисларини тақдим этиш;
  • мақолалар ҳажми А4 форматида 5–6 саҳифадан иборат бўлиши, шу жумладан, материал охиридаги библиографияни ўз ичига олиши лозим.
  • дизайн: қатор оралиғи – 1,5; шрифт – Тimes New Roman; шрифт ҳажми – 14 pt; четлари – ҳар томондан 20 мм; ориентация – китоб; параграфнинг чегараси – 1 см; матн кенглиги текисланган; Саҳифа рақамлари киритилмаган бўлиши керак.
  • сарлавҳа ўртада қалин Тimes New Roman шрифтида ёзилиши, сарлавҳадан кейин муаллифнинг тўлиқ фамилияси, исми ва шарифи, илмий даражаси ҳамда иш жойи кўрсатилиши зарур.
  • фойдаланилган адабиётларга ҳаволалар тўртбурчак қавслар [ ] ичига олинган рақамлар билан форматланиши даркор.
  • фойдаланилган адабиётлар рўйхати: агар матнда фойдаланилган адабиётга ҳавола бўлса, унда асосий матндан кейин марказда "Фойдаланилган адабиётлар рўйхати" сарлавҳасини ёзиш ҳамда манбаларнинг рақамланган рўйхатини жойлаштириш керак.
  • тезис мазмуни конференциянинг асосий маърузаси мавзусини акс эттириши, шунингдек, диссертация охирида амалий тавсиялар берилиши лозим.
  • муаллифлар мақолалар ва тезислар мазмуни ҳамда маълумотларнинг тўғрилиги учун шахсан жавобгардирлар.
  • 2023-йил 15-ноябргача маъруза тезисларини акс эттирувчи тақдимотни ташкилотчиларга тақдим этиш талаб қилинади.

  

Ташкилотчилар ҳақида маълумот:

Минавар Раҳимова, мобил. +998 90 995 01 36

Электрон почта: minavar.rakhimova@tetratech.com

Камола Арсланова, мобил. +998 90 370 72 28

Электрон почта: kamola.arslanova@tetratech.com

Чоп этиш