Advice for parents
Г.У.Тўйчиева
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институтининг Оилавий қадриятларни
мустаҳкамлаш ва оила психологияси бўлими бошлиғи
Филология фанлари доктори (DSc)
Исломнинг буюк назариётчиларидан бири Имом Муҳаммад ал-Ғаззолийдан “Тақво” нимадир?”, деб сўраганларида, мўътабар зот жавоб берибдиларки, “Тақво” – бу кўзни ёмон манзарадан, қулоқни ёмон гапдан, тилни ёмон сўзлашдан, оёқни ёмон жойга боришдан, қўлни ёмон нарсаларга чўзишдан сақлашдир”.
Фарзанд тарбияси мўмин киши учун энг улуғ амалдир, ота-онанинг хизматини сидқидилдан қилиш ҳам мўминнинг олий сифатидир.
Ислом қадриятларини шакллантириш жараёни масаласи бола ким, уни қандай тарбия қилиш зарур каби долзарб муаммоларнинг ечимини кутиб қолади. Айнан болани эътиқодли қилиб тарбиялашда бола ва унинг ижтимоий мавқеи куйдагича белгиланади:
1. Фарзанд Аллоҳнинг неъмати, Яратган ҳадияси, унинг иноятидир. Бола Аллоҳнинг берган қазою қадаридир. Бола Аллоҳнинг қароридир. Бола – яратилишига кўра муқаддасдир. Болалар Аллоҳнинг ердаги фаришталари сифатдир. Бу сифат ва ўхшатиш бола қалбининг фариштадек поклиги билан белгиланади. Аллоҳга тегишли бўлган мавжудот сифатида фарзандни яхши кўриш, уни меҳр билан тарбия қилиш жойиш. Фарзандни яхши кўриш учун меҳр қудрати ҳам Аллоҳ томонидан инъом этилади. Ота фарзанд тарбияси учун масъул. Ота фарзанд боқувчисидир. Шу боис, отага Аллоҳ бола учун ризқ инъом этади. Ота ва она ўз дуолари билан фарзанд ризқини яхшилаши ва кўпайтириб бериши мумкин. Айюб ибн Мусо (р.а.), у киши отасидан, у киши бобосидан ривоят қилинади: “Набий (с.а.в.): “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан афзал нарса бера олмайди”, дедилар”. (Термизий ривояти.) Шунингдек, Қуръони каримнинг Бақара сураси, 233-оятида шундай дейилган: “Уларни яхшилаб едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир”[1].
2. Ҳар бир фарзанд ўз қазою қадарига эга бўлиб дунёга келади. Ҳар бир боланинг яшашда ўз миссияси бўлади. Шу боис унинг ризқи ҳам, унинг ҳаётдаги ўрни ҳам фақат уники бўлади. Бу ҳаёт, ризқ, мавқе ва миссия ҳам Аллоҳдан берилади. Шунга кўра, Аллоҳнинг фарзандга берган ақлу идроки, истеъдоди, миссияси ва ризқини ўз вақтида тўғри англаш, болани мана шу тақдиру қадар йўналишида, мана шу миссия томон тарбия қилиш зарур. Боланинг миссиясини ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уни Аллоҳ томонидан бола тақдирига бойланганлигини англаш зурур. Ҳадисларда айтилишига кўра, «Кимнинг ёш боласи бўлса, у учун ўзини болаларча тутсин».
3. Боланинг муҳофазаси, ризқи, ҳаёти Аллоҳнинг қўлидадир. Аллоҳ бола тўғрисида қайғуради, унга ўз меҳрини аямайди, балолардан асрайди. Боланинг мана шундай муҳофазаси унинг қонуний йўл билан, ёки ноқонуний, яъни никоҳсиз бунёд бўлгани билан белгиланмайди. Қонуний туғилган ва ноқонуний туғилган чақалоқлар ўз эрклари ва ҳуқуқларида тенгдирлар. Ноқонуний туғилган чақалоқларга жазо берилмайди, жазо уларнинг ота-оналарига тегишлидир. Агар чақалоқ ноқонуний туғилган бўлсаю, кейин унинг ота-онаси никоҳ ўқиган бўлса, бу фарзанд қонуний мақомга эга бўлади. Ноқонуний боланинг туғилиши бу болага гуноҳ сифатида ёзилмайди.
4. Ислом дини талаблари бўйича боланинг туғилиши биланоқ баъзи бир ҳуқуқлари амалга киради. Бу боланинг чиройли исмга эга бўлиш ҳуқуқидир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) баъзи одамларнинг уларнинг ўзларига ёқмаган исмларини бошқа чиройли исмларга ўзгартириб берганлар. Шу жумладан, исми уруш (харб) бўлган одамнинг отини Силм (тинчлик) га ўзгартириб берганлар. Бир вилоятнинг номи ифлос (афира) бўлган, бу ном Хадира (яшнаб гуллаган) водий номига ўзгартирилган.
5. Болага нисбатан меҳр-оқибатли муносабат кўрсатиш, бола билан болаларча мулоқот олиб бориш, боланинг болалик даврини ҳурмат қилиш ва унга турли ўйинлар, хусусан копток, бекинмачоқ, қувлашмачоқ, ким биринчи етиб келади, югуриш, камон отиш кабиларда улар билан мусобақалашмоқ буюрилган. Бу ҳақда Пайғамбаримиз (с.а.в.): “Фарзандларингизга сузиш ва камон отишни, қизларга ип йигиришни ўргатинглар”, деганлар.
6. Болани оғир меҳнатдан муҳофаза қилмоқ, бола таълими жараёнини меҳр асосига қуриш зарурлиги ва сабр билан, жазо чораларини кўрмай тарбия қилиш кераклиги уқтирилган. Пайғамбар (с.а.в.) минбарда хутба килган чоқларида, неваралари Ҳасан ва Ҳусайнни қўлларига олиш учун минбардан тушиб, кейин яна хутбани давом эттирганлар. Пайғамбар (с.а.в.) намозда саджа килиб турганларида неваралари Ҳасан у кишининг устиларига, елкаларига чиқиб олган. Пайғамбар болага эҳтиром кўрсатиб, уни авайлаб, саждаларини бузмаганлар, саждада қолганлар ва сажда қилишни давом эттириб, боланинг устиларида ўйнашлари учун имкон берганлар. Болани ҳайдаманганлар, уларни “Менинг намозимни буздинглар” деб қойимаганлар. Улар уйларига кирсалар, сертабассум, хушчакчак бўлардилар. Улар айтардиларки: «Фарзандларингизга яхшилик қилиб, одобларини гўзал қилинг».
7. Ҳар доим бола билан мулоқот қилганда боланинг қалбига мурожаат қилиш зарурлиги айтилган. Тарбияда фақат боланинг қалбига мурожаат қилиш орқалигина самарага эришиши мумкинлиги ва болани яхши амалларга ундаш, уни рағбатлантириш мумкинлиги таъкидланган.
8. Ислом динида эмбрион тўлақонли одам деб баҳоланади. Ислом динида эмбрион ўзининг ҳомиласи пайдо бўлганидан кейинги 120 кунидан бошлаб инсон сифатида баҳоланади. Шунга кўра, она қорнидаги бола, худди шунингдек туғилгандаги бола, яъни уларнинг иккаласи ҳам шахс сифатида ҳурмат ва эътиборга лойиқлиги айтилади. Мана шу боланинг она қорнидаги давридаёқ у фақат унга хос характер, истеъдод, лаёқат, маълум бир овоз, тана тузилишига эга бўлади. Яъни шахснинг маълум шахсий кўрсаткичларига эга бўлган ҳолда бунёд бўлади ва туғиладиБинобарин, бола она қорнида бўлганидаёқ унга нисбатан туғилган чақалоққа бўлгани каби унинг барча эҳтиёжларини қондириш йўлидан бормоқ зарур. Бола туғилиши ислом дини асосида аслида бунёд бўлган инсоннинг ташқи оламга чиқиши билан тенглаштирилади.
9. Ўз боласини, хусусан қизларни, ва ўзгалар боласини ўлдириш қатъиян ман қилинади. Умуман бирор бир болага, айниқса етимларга зарар етказишлик қораланади ва Аллоҳ томонидан жазоланади. Болага хатто қамбағалликдан қўрқиб, яъни уни боқишдан қўрқиб, ундан воз кечиш қатъиян ман қилинади. Чунки мана шу боланинг ризқи Аллоҳнинг қўлидадир. Ризқни Аллоҳ беради, бандаси, яъни боланинг ота-онаси эмас. Агар неъматлар ва насиба нуқтаи назардан қийинчилик вужудга келган бўлса, боладан воз кечиш эмас, балки Аллоҳдан чиройли насиба сўраш ва болани дуо қилиш зарур. Шунда Аллоҳ оилани ҳам, унинг катталарини ҳам, уларнинг қўлидаги фарзандларни ҳам муҳофаза қилади.
10. Болани алдаб бўлмаслиги Қуръонда ҳам, ҳадисларда ҳам таъкидланади. Болани ёлғондан ҳам алдаб бўлмайди. Агар она ёки ота оғзидан бирор бир ваъда берилдими, уни бажариш жойиз. Бу болага катталар томонидан кўрсатилган чин инсоний муносабат ва адаолатли муносабат белгиси саналади.
11. Болани ҳаётга тайёрлаш тарбиянинг асоси сифатида белгиланади. Ҳаётда бола ўз хислатлари, аввало Аллоҳни таниганлиги, тўғри сўзлиги, адолатпешалиги, меҳнаткашлиги боис, шунингдек кабу кори, ҳалоллиги ва эътиқодининг бутунлиги боис турли неъматларга сазовор бўлади. Болани аввало Аллоҳга таваккал қилиб яшашга ўргатиш жойиз. Аллоҳга таваккал эса, барча неъматларнинг эгаси Аллоҳ эканлигини тан олишдан ва Унга умидвор бўлишдан бошланади.
12. Боланинг хаётдаги барча ютуқ ва камчиликларига ҳам сабрли муносабат кўрсатиш кераклиги ислом динида таъкидланади. Болага адолатли муносабат кўрсатиш инсоннинг безагидир. Болани ҳар куни қучоқлаш ва ўпиш бу суннат. Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) ўз ҳузурларида ал-Ақраъ ибн Ҳобис Таймий ўтирганида Ҳасан ибн Алини ўптилар. Шунда у: “Менинг ўнта болам бор. Улардан бирортасини ўпганим йўқ”, деди. Бас, Расулуллоҳ (с.а.в.) унга назар солдилар ва: “Раҳм қилмаганга раҳм қилинмас”, дедилар”. (Бухорий ривояти.).
13. Оиладаги барча болаларни ўзаро тенг кўриш, уларни айрмаслик, бирини иккинчисидан устун қўймаслик, топарман болага яхши муносабат кўрсатиб, топа олмаётган боланининг кўксини чўктириш, унинг хато ва камчиликларини очиқ айтиб, ҳақорат қилиш мумкин эмас. Агар боланинг иши юришмаётган бўлса, буни Аллоҳнинг синови сифатида қабул қилиш ва болани яхши дуолар билан сидқидилдан Аллоҳ олдида дуо қилиш зарур. Отанинг дуоси ва онанинг дуоси боланинг тақдирини ўзгартириши мумкин. Ҳар бир ота ва она меҳри бир хилда муносиб бўлиб, бирининг иккинчиси олдида устунлиги йўқдир. Ота-она ўз боласининг яхши тақдирига ишониши зарур, бу нарса аслида уларнинг Аллоҳнинг меҳрига ишонишларини англатади ва Аллоҳнинг неъматларидан баҳра олишларига ишонишларини англатади.
14. Ислом динида, “агар ота фарзандларидан бирига бирор нарса тортиқ қилса, токи бўлак фарзандларига ҳам адолат қилиб, ўшанча тортиқ қилмас экан, жоиз бўлмай, унга гувоҳлик қилинмас”, деб таъкидланади. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Фарзандларингизни тенг кўрингизлар!”, деб таъкидлаганлар. Агар ота ўз фарзандларидан бирига тортиқ берган бўлса-ю, қолганларига бермаган бўлса, адолат учун ўшал тортиғини қайтариб олиш унга жойиз қилинган. Ота ўз фарзанди молидан инсофу адолат билан истеъмол қилиши мумкин, чунки бола ҳам, унинг моли ҳам отаники ҳисобланади. Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳазрат Умардан бир туяни сотиб олиб, уни ҳазрат Умарнинг ўғиллари Абдуллоҳга тортиқ қилдилар-да, унга: “Буни не қилсанг қилавер!”, дедилар. Яъни, Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳазрат Умарга: “Ўғлинг Абдуллоҳга туяларингдан бирини тортиқ қилгил!”, десалару, улар тортиқ қилсалар, бошқа фарзандларига нисбатан адолат қилмаган, барча фарзандларни ўзаро тенг кўрмаган бўлар эдилар. Шунга кўра, Расулуллоҳ (с.а.в.) Ҳазрат Умардан бир туяни сотиб олиб, уни ҳазрат Умарнинг бошқа ўғилларига тортиқ қилдилар. (Бухорий ривояти.)
Қуръон оятлари ва ҳадисларда келтирилган мана бу қадриятлар фарзанд ва уни тарбия қилиниши тартибларига бевосита алоқадордир. Биз мана шу инсоний қадриятларни билишимиз ва чин мусулмон сифатида уларга ўз ҳаёт тартибимиз ва шароитимизда итоат этишимиз зарур. Бироқ афсуски, кўпчилик замон ёшлар ва катталари мана шу илоҳий даъват ва илмлардан бебаҳра бўлиб, уларни билмайдилар ва уларга итоат этмайдилар.
Ҳатто пайғамбарлар ҳам яхши фарзанд сўраб дуо қилишган. Масалан, пайғамбарлардан Закариё Аллоҳга илтижо қилиб, “Раббим, менга (ҳам) ўз ҳузурингдан пок зурриёт ато эт! Дарҳақиқат, Сен дуони эшитувчидирсан”, деб Яратгандан ўзига авлод беришни сўрайд. (Оли Имрон сураси, 38- оят).
[1] Тафсири ҳилол. Биринчи жуз. –Тошкент: “Hilol-nashr”, 2018. - Б. 224; Баҳодир Раҳматуллоҳ. Ота бўлиш осонми? . –Тошкент: “Hilol-nashr”, 2019. - 255 б.