Advice for women and girls
Ўзбеклар келишмовчилик, зиддият, жанжал бўлган уйда роҳат бўлмайди, деб ҳисоблашади. Оилада унинг аъзоларини хўрламаслик, ғийбат қилмаслик, қилган ишларидан айб топмаслик, емоқ – ичмоққа қизғанмаслик кабилар ҳар доим тарғиб қилинган. Оила аъзолари муомаласида салбий ҳис-туйғуларни жиловлай билиш, бир-бирини тушуниб етиш, зийрак бўлиш, рашк, гина-кудратнинг олдини олиш йўлларига ёшларни ўргатиш даркор.
Энг аввало, қизларни оилавий турмушнинг барча ўзига хосликларига очиқ ва самимий ўргатиш лозим. Эркак психологияси ва аёл психологияси, улар физиологияси, маънавий-руҳий ва жисмоний эҳтиёжлари каби масалаларда замонавий қарашларнинг барчасини ёшларга бермоқ зарур. Аёлларимизда эркакларга нисбатан “ғаразли”, “шахсий моддий талабларни қондирувчи” сифатидаги эгоистик муносабат кенг тарқалган. Эркаклар эса ўз аёлларига оиланинг хизматкори, унинг юмушларини бажарувчи, барчага бўйсуниши лозим бир жиҳоз сифатида қарашади. Иккала стереотип ҳам нотўғри ҳамда ўзгариши лозим бўлган стереотиплардан ҳисобланади.
НА ЭРКАККА, НА АЁЛГА “ғаразли”, фақат “манфаат олиш”га йўналтирилган муносабат кўрсатиб бўлмайди. Ғаразли муносабат инсон нафсониятини ерга уради. Шу билан бирга ҳеч кимга устунлик асосида муносабат ҳам билдириб бўлмайди. Эр ва хотин муносабати раҳмдиллик, меҳр, оқибат, бир бирини асраш тамойиллари асосига қурилмоғи лозимлиги аён.
Улуғ рус ёзувчиси Л.Н.Толстой оиладаги муносабатлар уйғунлиги ва эркак билан аёлнинг мажбуриятлари борасида ҳозир ҳам долзарб бўлган тамойилни айтиб ўтган: “Пишириб-куйдириш, тикиб-ямаш, кир ювиш, болаларга қараш фақатгина аёлларнинг иши, буни қилиш эркакларга уят деган ғалати, илдиз отиб кетган янглиш фикрлар мавжуд. Ваҳоланки, бунинг акси уятлироқ: ҳолдан тойган, қачон қарасанг нимжон, ҳомиладор аёл зўр-базўр овқат тайёрлаётган, кир юваётган, касал боласига қараётган бир пайтда, кўпинча бекор юрган, вақтини бўлар-бўлмас ишлар билан ёхуд бутунлай бесамара ўтказаётган эркакларга уят”.
Йигит ва қизларни замонавий билимлар асосида оилавий муносабатларга тўғри йўналтириш зарур. Оила – муқаддас даргоҳ. Шу боис, оилага муқаддас муносабат зарур. Сократнинг бир жумласи машҳур: “Ўйлаб-нетиб ўтирмай шартта уйлан. Хотининг яхши чиқаса-ку, хўп-хўп, ёмон чиқса – файласуф бўласан!”. Файласуф бўлиш орзу истаги айнан хотин киши характери ва унинг эркакка бўлган муносабати билан умуман боғлиқ эмас. Аммо айнан аёл ва эркак муносабатлари, яъни ҳар икки томон муносабатлари, айниқса уларнинг нотўғри ташкил қилинганлиги, кўп холларда ҳаётни фалсафий идрок қилишини учун замин яратади.
Оилавий ҳаётни тўғри ташкил қилиш ва уни зиддиятлардан асраш оиланинг барча аъзоларидан маълум тамойилларга бўйсуниб яшаш, маълум билим ва кўникмаларни фўллаш заруриятини талаб этади. Мана шу талаблардан баъзилар борасида тўхталиб ўтамиз.
- турмушга чиқиш, уйланиш, тўй ҳаракатлари ҳар икки томон учун ҳам стресс вазияти ҳисобланади. Тўй ташвишлари ҳаммани бирлаштиради, аммо тўй ўтганидан сўнг стресс вазият ўтиб кетмайди, балки ҳар икки томон, яъни келин ва куёв учун ҳам янги вазиятдаги янги ҳаёт шароити бошланганлигини англатади. Мана шу янги ҳаётни сиз қандай қуришга интилсангиз ва ўз атрофингизга бошқа оила аъзоларини бирлаштира олсангиз, сизнинг ҳаётингиз мана шу тартибларда ривожлана бошлайди. Самимийлик, тўғрилик, доимий яхши кайфият, меҳнатга тайёрлик, ҳурмат, оилани қадрлаш, йигитнинг ота-онасини эъзозлаш каби хислатлар сизга қўл келади.
- сиз келин бўлиб тушаётган оиланинг қадриятлари, тузилиши, кун тартиби бўйича барча тартибларни ва маълумотларни чуқур ўрганишга тўғри келади.
- янги оиладаги барча аъзолар, қайнота, қайнона, қизлар ва йигитлар характерларига доир кузатишларни йиғиб боринг, уларнинг характери ва одатларини билиб олишга урининг.
- қайнонангиз нималарни сиздан талаб қиляпти, у нима нарсаларни хуш кўради, нима нарса ва ҳодисалар унинг асабига тегади, шуни ўрганинг, агар қайнонангиз талабларини бажариш имконияти бўлса, у ҳам сизни яхши билиб олгунича, уларни сўзсиз амалга оширишга сайи-ҳаракат қилинг.
- худди шундай, қайнотангиз талаблари ва хоҳишларини назарда тутинг.
- худди шундай ёстиқдошингизнинг кайфияти, мимикаси, кўз қарашлари, характери ва одатлари, нима нарсаларни хуш кўриши, нима нарсаларни ёмон кўриши, умуман унинг инсон сифатидаги индивидуал томонларини жуда яхши билиб олишга ҳаракат қилинг, унинг салбий томонларини ўчириб, ижобий томонларини оширишга сайи-ҳаракат қилинг, чунки хотин – эрнинг тарбиячисидир. Агар эрингиз рашкчи бўлса, қандай вазиятларда рашк қилишини назарга олинг, агар эрингиз овқатда талабчан бўлса, унга ёқадиган овқатларни пиширишга урининг, агар эрингиз озодаликни ёқтирса, сарамжон-саришта бўлишга ҳаракат қилинг, эрингиз одатларига мослашишга ҳаракат қилинг.
- агар қайнона ва қайнотангиз талаблари уларнинг ўғли сизга қўяётган талаблар билан мос келмаса, мазкур муаммони қайнона ва қайнотангиз ҳамда эрингиз билан ҳамжиҳатликда тинчлик билан дўстона ва илиқ муҳокама қилишга ҳаракат қилиб кўринг.
- қайнонангизнинг сизни тарбиялашга уриниши бўйича сайи-ҳаракатларига чидам ва сабр-қаноат билан ёндашинг, қайнонангиз бирданига сизнинг қандай инсон эканлигингиз ва нималарни исташингизни билиб ололмайди, сиз ва қайнонангиз ўзаро бир-бирларингизни таниш ва ўрганиш жараёнидасизлар.
- сидқидилдан қилинган меҳнат дарров ўзини намоён қилади, ўз меҳнатингиз ва ширин тилингизни атрофдагилардан аяманг, самимий бўлинг, доимо кулиб туринг, очиқ юз билан қаранг, бошқаларнинг сўзлари ва ҳаракатларидан ёмонлик қидирманг, меҳрингизни берсангиз меҳр олишингиз осонлашади;
- ўз муаммоларингиз, фикрлар, ўй ва қарашларингизни самимий ўртоқлашишга ҳаракат қилинг, чунки сиз бундан буён фалончихоннинг “қизи” эмас, фалончихоннинг “келини”сиз. Сизнинг ютуқларингиз ҳам, камчиликларингиз ҳам аввало янги оила мавқеига таъсир этишини эсдан чиқарманг.
- ўз саломатлигингиз борасидаги маълумотларни ҳам очиқ муҳокама этишга одатланинг, агар сиз ўзингизни нохуш сезаётган бўлсангиз, аммо буни яширсангиз, бунинг оқибатлари ёмон бўлиши мумкин;
- агар уй юмушлари фақат сизнинг зиммангизга юкланса, бунинг оқибатида на ишда, на уйда, на эрингизнинг талабларида сиз уларни бажара олмаётган бўлсангиз, бу ҳолатни эрингиз билан очиқ ва самимий муҳокама этинг, хотин – сотиб олинган эрксиз қул ва бепул мардикор ҳам эмас. Хотин – уйнинг ҳамма мажбуриятларини сўзсиз бажаришга мажбурият ҳам олган эмас. Тирик – жон, у билан ҳар қандай вазият содир бўлиши мумкин. Уй мажбуриятлари тенглик асосида тўғри тақсимланса, ҳамма - меҳнат қилишга ҳам, дам олишга ҳам улгуради.
- ҳар қандай оилада эр мажбуриятлари ҳамда хотин мажбуриятлари мавжуд. Ўз мажбуриятларингизни бошқалар зиммасига сабабсиз юклашга одатланманг. Мажбуриятлар масаласида ҳам содиқлик, самимийлик ва тенглик тамойилларига бўйсунинг.
- сизнинг янги оиладаги ҳаётингиз бир неча босқичлардан иборат бўлади. Биринчи босқич - янги келинлик босқичи. Бу даврда ҳамма сизга ҳурмат ва иззат билан, бошқа томондан эса, жуда катта қизиқиш билан ёндошади. Доимо кулиб турсангиз, янги оиладаги ўз хушнудлигингизни очиқ кўрсатиб турсангиз, кайфиятингиздаги бахтиёрлик нурларини бошқалар билан ўртоқлашсангиз, оиладаги умумий муҳит ҳам кўтаринкилик асосида ривожланади. Агар сал нарсага жиззакилик ва тажанглик қилсангиз, бошқалар ҳам сизга шундай муносабат билдиришга ҳақли бўладилар. Иккинчи босқич – оиланинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланиш босқичи. Бу даврда сиз фарзандли бўлсасиз. Янги қариндошлар билан алоқаларингиз давомий, самимий, ишонч асосида ривожланиб боради. Сиз ўзингизнинг муаммоларингизни очиқ айтишга одатланасиз. Сиз оиланинг ҳақиқий аъзоси бўлиб борасиз. Учинчи босқич – оилавий муносабатларда келинликдан чиндан ҳам ҳақиқий аъзоликка ўтиш, келинликдан ҳақиқий уй бекалигига ўтиш босқичидир. Сиз бир неча фарзанднинг онасисиз. Кўп масалаларни қайнона, қайнотангиз билан эмас, фақат эрингиз билан ҳал эта бошлайсиз. Оила – тамомила мустақил оилага айланиб боради. Сизни кўпроқ фарзандлар тарбияси, улар камоли ва оиланинг тўкинлиги масалалари қизиқтира бошлайди. Сиз фарзандларингизни ўқитиш ва билимли қилиш, уларга ҳунар бериш, уларнинг келажагини таъминлаш, уларни оилали қилиш каби вазифалар билан шуғуллана бошлайсиз. Тўртинчи босқич – сиз оиланинг юқори мартабали аъзосига айлана борасиз. Сиз бу даврда ўзингиз ҳам қайноналик даврига кириб борасиз. Бу даврда қайнона ва қайнотангиз анча ўзини олдириб қўйган бўлади. Агар сиз уларга ҳурмат билан сидқидилдан хизмат қилишдан ўзингизни олиб қочмасангиз, сизнинг қаричилигингиз ҳам ҳурмат ва иззатда ўтади. Уларга, яъни қайнона ва қайнотангизга бу даврда ширин сўз, яхши таом, озодалик ярашади. Ўз меҳрингизни улардан бу даврда аяманг. Эрингиз сизнинг қилган амалларингиздан умрбод рози бўлиб қолади.
- янги оила муносабатларига бутунлай шўнғиб кетиб, ўз ота-онангиз манфаатларини унутиб қўйманг. Турмушга чиққандан сўнг улар зиммасига ҳадеб моддий талаблар қўяверманг. Инсон – нарса билан бахтли бўла олмайди. Ўз ота-онангизга ҳам меҳр кўрсатишга улгуринг. Улар ҳам ғанимат. Уларни ҳам рози қилинг. Фарзандларингизни қариликни ҳурмат ва иззат қилиш, уларга кўмак беришга одатлантиринг, шундагина фарзандларингиз сизнинг қаричилигингизни таъминлайдиган бўлади.
- эрингиз ва ўзингизнинг яқин қариндошларингизга бир хилда муносабат кўрсатинг, уларни айирманг, уларни тенг кўринг ва тенг муносабат билдиринг.
- эрингизнинг ютуқлари ва такомили учун хизмат қилишни ўзингизга саодат деб билинг, унга ҳамдард ва ҳамсуҳбат бўлинг, унга таянч бўлишга сайи-ҳаракат қилинг, фарзандларингизга ўз отасини ҳурмат қилишни сингдиринг, отасининг ишларидан ғурурланишни ўргатинг.
- келин сифатида сизнинг ўзига хос мажбуриятларингиз қаторида ҳуқуқларингиз ҳам мавжуд. Аммо ана шу ҳуқуқлар поймол этилаётган бўлса, қайнона-қайнота томонидан сиз мунтазам психологик таҳқирлансангиз, эрингиз томонидан зўравонлик кўрсангиз, инсон сифатида сизнинг оилада қадрингиз бўлмаса, ўз ҳуқуқларингизни ҳимоя қилишга сизнинг ҳаққингиз бор. Сизни аёл ва она сифатида давлат қонунларини ҳам, дин арконлари ҳам ўз ҳимоясига олади. Буни унутманг!
Г.У.Тўйчиева
“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот
институтининг Оилавий қадриятларни
мустаҳкамлаш ва оила психологияси бўлими бошлиғи
Филология фанлари доктори (DSc)