Илм-фанда гендер тенглик масалалари
Ўзбекистон Барқарор ривожланишнинг Бешинчи мақсадини амалга ошириш доирасида “Гендер тенгликни таъминлаш ҳамда барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”га оид тўққизта вазифани ишлаб чиқди.

Бешинчи мақсаднинг вазифаларига (Гендер тенглик) мувофиқ, 2030 йилга келиб барча хотин-қизларга нисбатан камситишларнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирокини ва етакчилик қилиш учун тенг имкониятларни таъминлаш зарур. Бундан ташқари, ушбу мақсад давлатнинг турли даражаларида Давлат дастурларини қабул қилиш жараёнида гендер тенглик тамойилларини жорий қилишни ўз ичига олади. Сўнгги йилларда гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш бўйича ишлар бир неча йўналишларда олиб борилмоқда, хусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш.
Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўровонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги Қонунларини қабул қилиниши ва уларнинг ижросини амалга оширишда мамлакатда гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларнинг ижтимоий турмуш шароитларини яхшилаш, маҳалла ва оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, аёллар ҳуқуқлари камситилишининг барча шаклларига барҳам бериш бўйича умумэътироф этилган халқаро нормаларни миллий қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек аёллар ҳуқуқий маданиятини ошириш каби йўналишларда қатор амалий ишларни олиб боришни талаб этади.
Бугун биз аёлларнинг ўрни, унинг ижтимоий мавқеи тўғрисида жамиятнинг анъанавий қарашлари ўзгараётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Тадбиркорлик, сиёсий раҳбарлар, жамоат арбоблари, йирик корхоналар раҳбарлари лавозимида хотин-қизлар самарали равишда фаолият юритмоқдалар. Шубҳасиз, ХХ1 асрда аёллар ҳуқуқлари сезиларли даражада мустаҳкамланди ва унинг жамиятдаги ўрни ошди.
Шунга қарамай, нима учун аниқ ва техника фанларида аёлларга қараганда эркаклар кўпчиликни ташкил этади? Бунинг сабаби уларнинг қобилиятсизлиги билан боғлиқ, деб ўйлаш учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Бунинг асосий сабаби кўпроқ маданий анъаналар ва бошқа ижтимоий ҳаракатлар билан боғлиқдир. Маълумки, ҳар қандай ёшга у шаклланган муҳит таъсир қилади. Бунга ота-она ва оиланинг бошқа аъзолари, мактабдаги ўқитувчилар, университетдаги ўқитувчилар - яъни ёши катта ва тажрибали кишиларнинг таъсири яққол намоён бўлади. Шунинг учун, агар мактабда болага қиз ёки ўғил бўлгани учун бирон нарса қила олмаслигини айтишса, у жуда кучли илдиз отади. Айниқса, ён атрофда ҳамма шундай, деб таъкидлаб турса - қаршилик кўрсатиш қийин. Қуйи синфларда бола шунчаки айтилган нарсани танқидий баҳолай олмайди: у катталарга ишонади, чунки у катталар орқали дунёни танийди. Демак, таълим тизимида ишлайдиган мутахассисларнинг нима деб ўйлашлари ва қандай ҳаракат қилишлари муҳим. Агар кимдир бир неча бор "Сен қиз боласан, шунинг учун математика, физика ёки дастурлаш ҳақида ўйлашингиз керак эмас", деб такрорлаб турса албатта "мен қиз боламан, шунинг учун аниқ ёки техника фанлари билан қизиқишим шарт эмас" фикри унинг онгига сингиб, ишончга айланади. Аслида бу биринчидан, қиз бола шахсига нисабатан ҳақоратдир, иккинчидан ижтимоий муҳит қиз болаларнинг имкониятларини чеклашидир. ЮНЕСКО ташкилотининг берган маълумотларига кўра дунё тадқиқотчиларининг атиги 30 фоизини аёллар ташкил этади. Университетларга кирадиган аёллар сони тобора кўпайиб бораётган бўлса-да, уларнинг оз қисми тадқиқот фаолияти билан шуғулланишади. Масалан, Швецияда аёллар университет талабаларининг кўп қисмини (60%) ташкил қилади, аммо уларнинг сони университетдан кейинги таълим босқичларида камаяди: аспирантлар орасида аёллар улуши 49%, олимлар орасида атиги 36%. Ушбу тенденцияни барча минтақаларда кузатилиши илмий мартаба билан оилавий мажбуриятларни бирлаштирмоқчи бўлган аёллар дуч келадиган қийин танлов ҳақида ўйлашга мажбур қилади. Ўзбекистонда олий ўқув юртига 2019/2020 йй кундузги бўлимга хотин-қизлар 78,1% эркаклар 83,2 % ни ташкил этган бўлса, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларини бажарган тадқиқодчи мутахассислар яъни фан докторлари аёллар 27.1, эркаклар 72.9, фан номзодлари аёллар 32.4% ни эркаклар 67.6 % ни ташкил этган. Маълумки, илм-фан билан иш бошлаган аёллар кўпинча оилавий сабабларга кўра бошлаган тадқиқот ишларини давом эттира олмайдилар ва эгаллаган лавозимларини тарк этишади. ЮНЕСКО ташкилоти ўзининг янги онлайн-ресурси орқали қизларни ёшлигидан математика, табиий фанларни ўрганишга кўмаклашиш ва рағбатлантириш қанчалик муҳимлигини кўрсатади. Дунё миқёсида олиб қарасак, фан, техника, технология ва математикада тадқиқотчи аёллар озчиликни ташкил қилади. Масалан, Корея Республикасида тадқиқотчиларнинг атиги 17 фоизини аёллар, муҳандисликдаги аёлларнинг улуши атиги 9 фоизни ташкил қилар экан.
Хотин-қизларни аниқ, техник ва табиий фанларда қизиқишларини орттириш борасида Австрия тажрибасидан мисол келтириш мумкин, хотин-қизларни аниқ фанларга қизиқтириш учун, уларга университетда қисқа муддатли стажировка ўташ таклиф этилади, узоқ муддат уйда ўтирган ва ўз соҳасида ишламаган бўлса, унда уларга касбларини ўзгартириш имконияти берилади. Шотландия ҳукумати 11-14 ўсмирларга мўлжалланган “Ким бўлишни ҳоҳласанг, ўша бўл” компаниясини ишга туширди. Ушбу компания ўсмирларни бўлажак касбларини танлашда стреотипларга умуман қарамасликка чақиради. Лекин стреотиплардан ҳоли бўлишнинг энг маъқул йўли бу жамиятда хотин-қизларнинг янги намунавий ролини - моделларини белгилайдиган STEM – (Science, Technology, Engineering, Mathematics) соҳасида фаолият юритаётган ва катта ютуқларга эришган хотин-қизлар, уларнинг профессионал ҳаётларини доимий равишда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб боришдир. Шунингдек бугунги кунда Ўзбекистон телеканалларида тез-тез кўрсатилаётган рекламалардаги хотин-қизларнинг ролларини ҳам таҳлил қилиш лозим. Оммавий ахборот воситаларида хотин-қизларни фақатгина уй бекаси ролида эмас (ҳар ҳил маргаринлар, пишириқлар рекламаларида), балки илм, фан, техника, янги технологиялар соҳаларида кўрсатиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ҳудудларда илм-фан ва илмий лавозимларга кўпроқ аёлларни жалб қилиш, аёлларни илмдан воз кечишга мажбур қиладиган ижтимоий стреотиплар тизимини ўзгартиришга қаратилган чора- тадбирларни ишлаб чиқиш лозим.
“Маҳалла ва оила” илмий тадқиқот институти
“Оила ҳуқуқи ва гендер тенглиги” бўлими бошлиғи,
психология фанлари номзоди
Раъно Исмайлова
Рус
Eng



