“Қариндошлар ўртасидаги никоҳ: сабаб ва оқибатлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

11:51 - 27 март Янгиликлар
154

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Қариндошлар ўртасидаги никоҳ: сабаб ва оқибатлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий Суд, Бош прокуратура, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик, Адлия вазирликлари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси мутасаддилари, экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

ness image

Унда “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева, директор ўринбосари Ҳамид Абдураманов, бўлим бошлиғи Хуршида Сайдивалиева иштирок этишди. Давра суҳбатида “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураманов “Қариндошлар ўртасидаги никоҳ тузиш ҳолатларининг сабаб ва оқибатлари” мавзусида маъруза қилди. 

Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг репродуктив саломатлигини муҳофаза қилиш, эрта туғруқ ва яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Янги таҳрирдаги Конституциянинг 76-моддасида ҳам оила жамиятнинг асосий бўғини, у жамият ва давлат муҳофазасида эканлиги, никоҳ Ўзбекистон халқининг анъанавий оилавий қадриятларига, никоҳланувчиларнинг ихтиёрий розилигига ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши белгилаб қўйилган.

Шу билан бирга, мамлакатимизда эрта турмуш қуриш ёки яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ оқибатида ҳаётдан барвақт кўз юмаётган ёш оналар ва болалар ўлими ҳамон учраб турибди. Бу эса жамият ривожланишининг замонавий хусусиятлари оилаларни мустаҳкамлаш, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар, шу жумладан ён шажара бўйича яқин қариндошлар ўртасида никоҳ тузишнинг олдини олишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

“Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастурида шунингдек, жорий йил 20 февраль куни Президентимиз раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис Сенати ҳамда Қонунчилик палатасига тегишли вазирлик ва ташкилотлар билан биргаликда келажак авлод саломатлигига салбий таъсир қиладиган қариндошликнинг барча даражасидаги никоҳ тузишга йўл қўймасликни қонун билан белгилаш масаласини муҳокама қилиш ва таклиф киритиш вазифаси белгиланган.

—Турмуш қурган яқин қариндошларнинг фарзанди аксарият ҳолларда ногирон туғилиши фан ва тиббиётда аллақачон исботланган, — деди Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси Мавлуда Хўжаева. — Маълумотларга кўра, биргина 2023 йилда Республика Она ва бола скрининг марказига мурожаат қилган 9014 нафар болаларнинг 796 тасида ирсий касалликлар аниқланган. Касалликлар тури бўйича таҳлил қилинганда, нерв-мушак тизимининг ирсий касалликлари аниқланган 265 та боланинг 88 таси, яъни 33,3 фоизи қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғилган болалар эканлиги маълум бўлган. Шу сабабли яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари борасида аҳолимиз ўртасида тушунтириш, ташвиқот ишларини янада кучайтириш зарур. 

Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ масаласи мутахассислар томонидан кенг ўрганилгани, бундай никоҳнинг салбий оқибатлари илмий жиҳатдан ўз исботини топганлиги қайд этилди. Қариндошлар ўртасидаги никоҳ миллатнинг ирсий заифлашувига сабаб бўлиши, кузатувлар кўп ҳолларда яқин қариндошлардан туғилган болаларда ирсий касалликлар яққол намоён бўлишини кўрсатгани таъкидланди.

Чоп этиш