Маҳалла - тарихий-ижтимоий тузилма ҳамда фуқаролик жамиятининг муҳим элементи

11:06 - 13 январ Янгиликлар
2450
ness image

Она юртинг омон бўлса,

Ранги рўйинг сомон бўлмас.

Халқ мақоли


Маҳалла - Шарқ тамаддуни, хусусан, Марказий Осиё халқлари турмуш тарзи, тафаккури ва қадриятларига хос бўлган жамият ҳаётини ташкил этадиган анъанавий ижтимоий институт. 

“Маҳалла” сўзи араб тилидан таржима қилинганда “турар жой”, “лагерь”, “қўналға” деган маъноларни англатади.

Араб дунёсининг барча мамлакатлари, Туркия, Озарбайжон, Эрон давлатларида шаҳарларнинг маъмурий бирликлари “маҳалла”, “гузар” деб аталади. Шунингдек, ушбу атама Афғонистон, Покистон, Бангладешда, Ҳиндистоннинг баъзи штатларида, Хитойда Шинжон-Уйғур автоном вилоятидаги уйғурлар ва туркий халқлар томонидан қўлланилади.

Маҳалла мусулмон Шарқида маҳаллий ўзини ўзи бошқаришни амалга оширувчи тузилма сифатида чуқур тарихий илдизларга эга.

Қадимда маҳалла нафақат ижтимоий, балки маъмурий-ҳудудий тузилма тарзида ҳам эътироф этилган.

Улуғ мутафаккир Носир Хисрав “Сафарнома” асарида “Қоҳира шаҳри 10 та маҳалладан иборат”, дея таъкидлайди.

Бухоро воҳасининг Наршах қишлоғида таваллуд топган тарихчи олим Абу Бакр Наршахий  араб тилида ёзган ва Сомонийлар давлати ҳукмдори Абу Муҳаммад ибн Исмоил Сомонийга бағишлаган «Тарихи Бухоро» номли нодир асарида бундан қарийб 1000 йил илгари маҳалла халқнинг бошқарув услуби эканлигини қайд этган.

Асарда Бухоро шаҳрининг қад кўтариши, Пойканд, Афшона, Варахша, Ромитон, Вардона каби қадимий қишлоқларнинг барпо бўлиши, Марказий Осиёда ислом динининг тарқалиши, Сомонийлар давридаги давлат идораси, шаҳарнинг иқтисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётига доир муҳим тарихий маълумотлар келтирилган.

Хусусан, Бухорода юксак тарзда ривожланган ҳунармандчилик ҳақида сўз юритилиб, ҳар бир қишлоқ ўз маҳсулоти билан шуҳрат топгани, масалан, Зандана қишлоғида тўқиладиган ипак матолар “занданий матолар” номи билан бутун Шарққа машҳур бўлгани, маҳсулотлар Форс, Ҳиндистон, Ироқ, Шом, Миср каби ўлкаларга олиб борилгани, савдо муносабатлари кенг ёйилганлиги сабабли Бухоро шаҳрига “Мадинатут-тужжор” (Савдогарлар шаҳри) деб ном берилгани таъкидланади [1].


Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» (Яхши инсонларнинг ҳайрати) асарида қуйидаги байт мавжуд:

Шаҳарлар отини маҳалот этиб,

Бўлди чу юз шаҳар Ҳири от этиб.


Ушбу сатрларда маҳалла «шаҳар ичидаги шаҳарча» дея эътироф этилади.

Дарҳақиқат, ўрта асрларда Ҳири (Ҳирот) юзта кичик «шаҳарча» - маҳаллалардан ташкил топган.

Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғати-турк" (Турк тиллари девони) асарида савдо ва ҳунармандчилик кварталларини билдирувчи арабча ибора сифатида “маҳалла” сўзи қўлланилган.

Қадимги даврларда, одамлар касб-корига кўра шаҳарларга жойлашган, бу кўплаб маҳаллаларнинг номлари билан тасдиқланади.

Масалан, Тошкент, Бухоро, Кеш, Самарқанд, Насаф шаҳарларида кулоллар, темирчилар, чилангарлар, савдогарлар, тўқувчилар, заргарлар, қуролсозлар, совунчилар, пойабзалчилар, махсидўзлар маҳаллалари мавжуд бўлган.

Ушбу муассасанинг асосий аҳамияти қўшни жамоалар доирасида аҳолининг уй-рўзғор ишларини ижтимоий-ҳудудий ташкил этишида эди.

Улуғ мутафаккир Абу Наср Форобий “Фозил шаҳар аҳолиси ҳақидаги мулоҳазалар” асарида одамлар сонининг кўпайиши сабабли инсон жамоаларига бўлган эҳтиёж ғоясини очиб беради:

Ҳар бир инсон табиий равишда шу тарзда жойлаштирилган, яшаш ва ободонлаштиришга интилиш учун унга кўп нарсалар керак, аммо у ёлғиз ўзи уларни ўзлаштира олмайди, бунга эришиш учун инсоният ҳамжамиятига эҳтиёж пайдо бўлади. Жамият аъзоларининг биргаликдаги фаолияти уларга ўша нарсаларга эришиш ва ўзлаштириш имкониятини беради”.

Қомусий олим Абу Али ибн Сино “Уй-рўзғор тўғрисида” номли рисоласида “Инсонлар бир-бирларининг эҳтиёжларини қондириш учун уларга умумий интилиш ва мақсадлар керак”, дея таъкидлайди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур “Бобурнома” асарида маъмурий-ҳудудий бошқарувнинг энг қуйи қисмини англатувчи тушунча сифатида таърифида “маҳалла” атамасидан фойдаланади.

Мовароуннаҳрнинг Самарқанд, Кеш (Шаҳрисабз) каби шаҳарлари тасвирлашда у шундай ёзади: “Қалъа атрофи маҳаллалар томонидан тўлиқ қуршовга олинган”, “Ўш маҳаллалари орқали ўтиб, Андижонга кириб боради”.

Маҳалла — халқимизнинг турмуш тарзи, руҳий-маънавий эҳтиёжи, мафкураси, тафаккури, инсонларнинг ўзаро қўшничилик алоқалари, оилавий муносабатларни шакллантирувчи маънавий-маърифий маскан, кенгаш, маслаҳат, хашар каби миллий удумлар, халқ сайиллари, байрамлар уюштириладиган, қўни-қўшничилик, қуда-андачилик каби масалалар ҳал этиладиган серқирра ижтимоий тузилма ҳисобланади.

Халқимиз дунёқараши, феъл-атвори, миллий менталитети ҳақида гап кетганда, шахснинг ижтимоийлашувида жамоатчиликнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш зарур. “Шарқлик инсон ўз ҳаётини жамоатчиликнинг тажрибаси, аҳлоқий меъёрлари ва моддий кўмагисиз тасаввур этмайди”[2].

Маҳаллалар маълум бир кичик ҳудудда яшовчи одамлар уюшмаси сифатида мавжуд бўлиб, уларда инсонлар нафақат яхши қўшничилик муносабатлари, балки асрлар давомида шаклланган хулқ-атвор қоидалари, маънавий-ахлоқий меъёрлар, урф-одатлар ва анъаналар билан боғланган.

Тошкент шаҳри ҳам қадимдан маҳаллаларга бўлинган.

Мисол сифатида, Шайхонтоҳур даҳасининг аксарият аҳолиси тўқимачилик, косибчилик билан шуғулланган Говкуш, Хўжа Рўшнойи, Баландмасжид, Дегрез, Бешёғоч даҳасидаги ҳунармандчилик, деҳқончилик, боғдорчилик, баққоллик билан шуғулланган Ялангқар, Мурод, Зевак, Қоратош, Шайхонтоҳур даҳасидаги Қошғар, Турк, Ила, Тожик маҳаллаларини келтириш мумкин. [3].

Демократик давлатда маҳалла фуқаролик жамиятининг муҳим элементи сифатида катта аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда маҳалла институти моҳияти ва аҳамиятини илмий тадқиқ қилган Ханянг университети (Жанубий Корея) қошидаги Осиё-Тинч океани тадқиқотлари институти профессори Кан Бонг Ку “Маҳалла ишида энг муҳими бу давлат идоралари билан яқин ҳамкорлик ва шерикликдир. Маҳалла қонун ҳужжатлари юрисдикциясига кирмайдиган кўпгина масалаларни инсонпарварлик, қўшничилик тамойиллари асосида ҳал қилади. Анъанавий қадриятларни асраб-авайлаш ва авлоддан авлодга етказиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш маҳалланинг энг муҳим вазифаларидан биридир”.

Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият олиб бораётган 10 мингга яқин ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларга давлат бошқарувида иштирок этиш, давлат органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш, ёш авлодни жисмонан ва маънан етук қилиб тарбиялаш, тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллий урф-одат ва қадриятларни асраб-авайлаш, маҳалланинг ободлиги ва хавфсизлигини таъминлаш, маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилалар тотувлигини таъминлаш каби кенг қамровли масалаларни ҳал этишда кўмаклашмоқда.

Маҳалла институтининг ўзига хослиги асосида фуқаролик жамиятининг шаффофлик, жамоатчилик назорати механизмини жорий этиш, демократияни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, ўзини ўзи бошқариш тамойилларини самарали ривожлантириш мумкин.

Шу ўринда хорижий мамлакатларнинг ушбу соҳадаги тарихий ва замонавий тажрибасини ўрганиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш лозим.


Фойдаланилган адабиётлар:


1.    Абу Бакр Муҳаммад Наршахий. Бухоро тарихи. 1993 й.  

2.    З.Орифханова. Тошкент маҳаллалари. Тошкент. 2005 й.

3.    «Тошкент» энциклопедияси. 2009 й.



МОҲИРА ХОЛИҚОВА,

“Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти

катта илмий ходими

фалсафа доктори, доцент



Чоп этиш