Халқаро илмий-амалий конференция

05:49 - 18 май Янгиликлар
1530

“Оила институтини ривожлантиришда қадриятларнинг ўрни: миллий ва хорижий тажриба” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

ness image


Конференция ташкилотчилари: Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар Давлат қўмитаси, “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти.

Халқаро конференцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад – мазкур йўналишдаги халқаро тажрибани ҳамда экспертлар фикрини ўрганиш асосида оила институтини янада ривожлантириш, соҳада фаолият юритаётган раҳбар ва мутахассис кадрларнинг оила қадриятлари масалалари бўйича касбий компетентлигини ошириш, соҳага инновациялар, илм-фан ютуқларини имплементация қилиш, илғор халқаро тажрибалар асосида оила институтини миллий ва умуминсоний қадриятлар воситасида янада ривожлантириш истиқболлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Конференция иштирокчилари: халқаро конференцияда маҳаллий ҳамда хорижий давлатлар етакчи экспертлари, мутахассис олимлари, Республика вазирлик ва идоралари вакиллари, республикамиз ОТМ муассасалари профессор-ўқитувчилари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВ вакиллари иштирок этишди. Япония, Малайзия, Россия, Болгария, Белоруссия, МДҲ ва Евроиттифоқ вакиллари иштирок этишди.

Дарҳақиқат, мустақилликка эришгач, оила, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, камбағалликнинг олдини олиш, ҳаётдан хурсандлик ҳиссини шакллантириш, давлат ва жамият тараққиётида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, билим олишлари, касб эгаллашлари, тадбиркорлик фаолияти учун кенг имкониятлар яратиш, уларнинг турли соҳаларда қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароитлар яратиш,  давлат ва жамият тараққиётида ижтимоий фаоллигини ошириш, гендер тенглигини таъминлаш каби қатор масалаларга оид 100 га яқин ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги ПФ-60-сон Фармонида белгилаб берилган 7 та йўналиш ва 100 та мақсаднинг бешинчи “Маънавий тараққиётни таъминлаш ва соҳани янги босқичга олиб чиқиш” йўналиши бўйича 71–78 мақсадларнинг моҳияти ҳам оиланинг маънавий пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган. 69-мақсад эса “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш” масалаларидан иборатдир.

  Дарҳақиқат, БМТ Бош Ассамблеясининг 1993 йил 20 сентябрдаги йиғилишида 15 майни “Халқаро оила куни” сифатида 1994 йилдан бошлаб нишонлаш ғояси бўйича қарор қабул қилинган бўлиб, бизнинг мамлакатимизда ҳам мазкур кун 1994 йилнинг 15 майидан буён мунтазам равишда нишонланиб келинмоқда.

        Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 29 апрелда 15 май – “Халқаро оила куни” муносабати билан “Фаровон оила сари” ғоясини тарғиб қилувчи комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

Мазкур дастурнинг 15-бандида “Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот институти мутасадди ва вазирликлар ҳамда идоралар билан ҳамкорликда “Оила институтини мустаҳкамлашда қадриятларнинг ўрни: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш вазифаси юклатилган. 

Мазкур халқаро конференцияда оила институтини мустаҳкамлашда ижтимоий меҳнат муносабатларининг ўрни, Ўзбекистонда оила институтини ривожлантиришнинг ижтимоий механизмлари, оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш – Европа Иттифоқининг меҳнат бозори сиёсати, Европа қадриятларининг оила институтига таъсири, Янги Ўзбекистонда оиланинг маънавий такомилида қадриятларнинг ўрни, жамият тараққиёти ва фаровонлигида гендер тенглиги ҳамда инсон ҳуқуқларининг аҳамияти, Япониядаги замонавий оила назариялари каби масалаларга бағишланган 20 га яқин маърузалар тингланди. Шунингдек, соҳа мутахассислари томонидан баҳс-мунозара ва савол-жавоблар ўтказилди ҳамда оила институтини ривожлантиришда қадриятларнинг ўрнини миллий ва хорижий тажриба асосида такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Халқаро илмий-амалий конференциядан ўрин олган мақолалар тўплам ҳолида нашр эттирилди.

Мазкур халқаро конференцияда 18 та доклад ва тақдимотлар эшитилди. Шундан, 11 та маъруза – хорижий олим, эксперт, халқаро мутахассислар томонидан тақдим этилди. Жумладан:


Кикута Харука хоним (Саппоро, Япония) – Хоккайдо Гакуэн университетида профессор бўлиб фаолият юритади. 

Япония Марказий Осиё тадқиқотлари уюшмаси аъзоси ҳисобланади. 2002 йилдан буён Ўзбекистон маданий антропологиясини тадқиқ қилиб келади.

Кикута Харука хоним “Японияда замонавий оила назариялари” мавзусида маъруза қилди.


Мажена Бреза хоним – Белгиядаги SOCIEUX+ марказининг ижтимоий ҳимоя бўйича ривожланиш ва техник маслаҳатчиси, иқтисодиёт фанлари номзоди.

Мажена ижтимоий ҳимоя бўйича Европа ва халқаро даражадаги давлат бошқаруви соҳасида тажрибага эга бўлган катта мутахассис. SOCIEUX+ дан олдин у Польшанинг Меҳнат ва ижтимоий сиёсат вазирлигида департамент директори бўлиб ишлаган ва у ерда кексалар учун ижтимоий сиёсатга йўналтирилган қатор натижадор лойиҳаларни бошқарган. 2014-2019 йилларда у Европа Иттифоқи ва Хитой ижтимоий ҳимоясини ислоҳ қилиш лойиҳасининг доимий халқаро эксперти сифатида фаолият кўрсатган.  Варшава Иқтисодиёт мактабида фан номзоди илмий даражасини олган.

Мажена Бреза - “Оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш – Европа Иттифоқининг меҳнат бозори сиёсати” мавзусидаги тақдимотини ҳавола этди.


Кетрин Барме хоним – SOCIEUX+ марказининг меҳнат ва бандлик йўналишлари бўйича координатори.

У Осиё ва Лотин Америкада МОТ, ВПП, ЮНИСЕФ, ФАО Жаҳон банки ва МФСРда инсонларга, айниқса ўта заиф ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларга нисбатан камситиш шаклларга барҳам бериш, уларга муносиб иш жойларни ва меҳнат шароитларни яратиш масалалари бўйича эксперт сифатида ишлаган.

Кетрин Барме“Оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш – Европа Иттифоқининг меҳнат бозори сиёсати” мавзусида маъруза қилди.


Анна Иосифовна Ящук хоним – Беларусия Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув академиясининг доценти, иқтисод фанлари номзоди.

У Беларус аёллар иттифоқи жамоат бирлашмасининг бошқарув аъзоси. Илмий қизиқишлари: демография, ижтимоий сиёсат, оила сиёсати.

Анна Ящук – “Оилаларда гендер тенглигини таъминлаш ва демографик масалаларнинг устувор йўналишлари” мавзусида маъруза қилди.


Жаноб Ирван Надзиф бин Махпул – Малайзия Хотин-қизлар, оила ва жамиятни ривожлантириш вазирлиги қошидаги Аҳоли ва оилани ривожлантириш миллий кенгаши Тадқиқотлар, аҳоли ва оила билан ишлаш департаменти директори. Статистик фанлар бўйича номзод.

У 2004 йилдан ҳозирги вақтгача аҳоли ва оилани ривожлантириш миллий кенгашида - аҳолини ўрганиш ва сўровномаларини ишлаб чиқиш, уни амалга ошириш, аҳоли билан боғлиқ турли масалалар бўйича манфаатдор томонлар ва жамоатчиликка ёрдам кўрсатиш, давлат ва хусусий секторлардаги мутахассислар, талабалар ва жисмоний шахсларга демография ва аҳоли бўйича тренинглар ўтказиш учун жавобгардир. 

Ирван Надзиф бин Махпу – конференция жараёнида “Малайзия оилаларнинг фаровонлигини баҳолаш” мавзусида маъруза қилди.


Елена Бурмицкая хоним – “The Green Light for the Civil Initiatives” (“Фуқаролик ташаббсулари учун яшил чироқ” фонди) директори.

10 йил давомида инсон ҳуқуқлари ва демократия соҳасида илмий-тадқиқот ишларини олиб борди, жумладан: сиёсат таҳлили, фуқаролик ва жиноий судлов, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари, болалар ва хотин-қизлар, қариялар ҳуқуқлари, маҳаллий ҳамжамиятни ривожлантириш ва бошқа йўналишлар. Инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотларини фаолиятини назорат қилиш ва бошқариш соҳасида 15 йилдан ортиқ тажрибага эга.

Елена Бурмицкая – "Европа Иттифоқига кириш муносабати билан ҳамда Европа қадриятларини Болгариядаги оила институтида ўзгаришлари" мавзусида маъруза қилди.


Акжемал Керимбаевна Дурдиева хоним – Туркманистон Хотин-қизлар уюшмаси марказий кенгаши раиси, Туркманистон Касаба уюшмалари миллий маркази раиси.

Акжемал Дурдиева – “Оила ва хотин-қизларниниг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий- сиёсий фаоллигини ошириш” мавзусида маъруза қилди.


Светлана Юрьевна Барсукова хоним – (Россия Федерацияси) социология фанлари доктори, Миллий тадқиқот университети – Олий иқтисодиёт мактаби социология кафедраси профессори.

С. Ю. Барсукова “Россия Дунёси, Социология. Этнология” журналининг бош муҳаррири.

Сиёсий коньюктура маркази маълумотига кўра, у 2021 йил Россия Федерациясининг энг нуфузли социолог – амалиётчиларининг 15 талигига киритилган.

Илмий қизиқишлари – иқтисодий социология, норасмий иқтисодиёт, қишлоқ каби соҳалари.

Светлана Барсукова“Марказий Осиёнинг ғарбийлашган ёшлари: анъанавий тўйларга муносабати” (Москвалик талабалар мисолида) мавзусидаги тақдимотини ҳавола этди.


Габриела Алварез Минте хоним – БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасини Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақавий бошқарманинг гендер бўйича маслаҳатчиси.

Габриелла хоним ўз тақдимотида - гендер тенглиги ва инсонлар, шу жумладан, аёллар  ва қизларнинг ҳуқуқлари борасидаги тараққиёт қанчалик адолатли, хавфсиз ва фаравон оила, жамият барпо этишнинг муваффақиятига эришиш ҳақида сўзлади.    Оилада хотин-қизларга нисбатан мавжуд бўлган зўравонлик турларини кўриб чиқиш, оиладаги ҳақ тўланмайдиган ишлар, парвариш қилишнинг адолатсиз юки, зарарли амалиётлар, камситишлар туфайли ноқулай аҳволга тушиб қолган ва уларни бартараф этиш учун чекловларни қандай ҳал қилиш мумкинлиги тўғрисида фикр билдирди.

Габриела Минте – Жамият тараққиёти ва фаравонлигида гендер тенглиги ва инсон ҳуқуқларининг аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.


Саодат Олимова хоним – “Шарқ” илмий-тадқиқот маркази диретори, фалсафа фанлари номзоди (Тожикистон).

Саодат Олимова социолог, Тожикистон Фанлар академиясини Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг илмий ходими.

С.Олимова Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, ЮНИСЕФ, БМТТД, ЮНЕСКО, ХМТ ва бошқалар буюртмаси бўйича илмий лойиҳаларнинг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган.

Саодат Олимова“Оилавий қадриятлар Тожикистон ёшлари қадриятлари тизимида” (жаҳон қадриятлари натижалари бўйича) мавзусида маъруза қилди.


Назгуль Турдубекова хоним – “Болалар ҳуқуқлари химоячилари лигаси” жамоат фонди директори (Қирғизистон).

Н.Турдибекова Қирғизистон Республикаси Жоғорку Кенеши Торагаси ҳузуридаги Аёллар ва болалар ҳуқуқлари ва гендер тенглиги бўйича ва ҚР Ҳукумати ҳузуридаги ногиронлар кенгаш аъзоси.

Европа Иттифоқи кўмагида “Қирғизистон болалари учун қулай муҳит яратиш” лойиҳасини директори эди.

Назгуль Турдубековаконференция иштирокчиларига “Оилавий муносабатлар доирасида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” мавзусида маъруза қилди.


Барча маъруза билан иштирок этган хорижий экспертлар томонидан оила институтини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш борасида ўз фикр-таклифларни билдирди. Шу билан бирга, конференция юқори даражада ташкиллаштирилиб, ўтказилганини таъкидлаб ўтишди.

Шу билан бирга конференция ишида Миср, Латвия, Озарбайжон, Тожикистон ва Қозоғистон мамлакатларининг 14 нафар соҳа мутахассислари ҳамда экспертлари онлайн тарзда иштирок этишди.


Фотогалерея

Конференция материаллар тўплами

Чоп этиш