25 ноябрь — Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш куни

01:12 - 25 ноябр Янгиликлар
560

Ҳозирги глобаллашув даврида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муҳим аҳамият касб этади. Хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари бутун дунёда, тизимли ва маданий урф-одатларга сингиб кетган. БМТнинг 1999 йил 17 декабрдаги резолюциясига биноан қатор давлатларда бир неча йиллардан буён “16 кун зўравонликсиз!”, деб номланган акция ўтказилмоқда. Бизнинг юртимизда ҳам оҳирги 5 йил давомида мазкур акция кенг тарқалиб, турли тадбирлар шаклида ташкиллаштирилмоқда. Мақсад ушбу муаммога давлат ва жамоатчиликнинг эътиборини тортиш, мазкур йўналишда мавжуд бўлган муаммо ва тўсиқларни бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўришдир.

ness image

Шу муносабат билан бугун Ўзбекистон журнaлистикa вa оммaвий коммуникaциялaр университети талабалари учун “Инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва гендер тенглиги” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Унда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори Нодира Эгамбердиева ҳам иштирок этиб, талабаларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари, тазийқ ва зўравонлик ҳолатларни аниқлаш, уларга нисбатан чора кўриш йўллари ҳақида маъруза қилди. 

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё бўйлаб 35 фоиз хотин-қизлар ҳаёти давомида яқин шерик ёки бошқа шахс томонидан жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган. Дунёда аёлларга нисбатан қотилликларининг 38 фоизига яқини эркак шериклари томонидан содир этилади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг таъкидлашича, зўравонлик хотин-қизларнинг жисмоний, руҳий, жинсий ва репродуктив саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳамда ОИВ инфекцияси хавфини ошириши мумкин.

Зўравонлик нафақат жабрдийдалар ва уларнинг оилалари ҳаёти ва соғлиғида салбий оқибатларга, балки жамиятни сезиларли ижтимоий-иқтисодий харажатлар қилишига олиб келади. Айрим мамлакатлар гендер зўравонлик натижасида ялпи ички маҳсулотнинг 3,7 фоизини йўқотади. Бу аксарият ҳукуматлар таълим тизимига сарфлайдиган маблағдан 2 баробар кўп.

Алоҳида таъкидлаш лозим, сўнгги йилларда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг сиёсий-ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, маҳалла ва оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 

Чоп этиш