Ҳамкорлик учрашуви бўлиб ўтди

06:05 - 21 октябр Янгиликлар
478

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти ҳамда БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув институтнинг жамғарма билан ҳамкорлик режаси доирасида ўтказилиб, уни Институт директори Нодира Эгамбердиева очиб берди. БМТ Аҳолишунослик фондининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг масъул вакили, “Аҳолини ривожлантириш” дастури координатори Аъзам Тошпулатов мазкур учрашув учун ўз эҳтироми ва миннатдорчилигини билдирди. 

ness image

Шундан сўнг институт директори ўринбосари, иқтисод фанлари доктори, профессор Х.Абдураманов ўз нутқида 2022 йилда ҳамкорликни амалга ошириш мумкин бўлган йўналишлар юзасидан фикр билдирди. Жумладан:

  1. “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти таркибида Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Аҳолишунослик” илмий-ўқув лабораториясини ташкил этиш.
  2. Ўзбекистон Республикасида аҳолининг “демографик кексайиши” масаласи бўйича таҳлилий маълумотнома тайёрлаш.
  3. Ўзбекистон Республикасида кексаларнинг эҳтиёжлари ва ижтимоий-иқтисодий ҳолатини комплекс баҳолаш бўйича социологик тадқиқот ўтказиш.
  4. “Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолишунослик ҳолатининг таҳлили” номли китоб тайёрлаш ва уни нашр этиш.
  5. Аҳолишуносликнинг долзарб муаммоларига бағишланган “Ёзги мактаб” ташкил этиш.
  6. БМТнинг Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида институтга хорижий мутахассисларни жалб этган ҳолда маҳорат дарслари ва халқаро конференцияларни ўтказиш.

Учрашувда томонлар бир қатор масалалар, жумладан, Институт томонидан ишлаб чиқилаётган “Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган демографик барқарорлик Концепцияси”нинг вариантини хорижий мутаҳассислар томонидан ўрганиб чиқилиши бўйича фикр ва тавсиялар бериши, кўмаклашиши мумкинлиги, мўлжалланган конференцияларнинг рўйхати, Институт ходимларининг хорижий стажировкаларга таклиф этилиши ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, UNFPA билан ҳамкорлик ўрнатиш, маҳалла ва оила институтларини мустаҳкамлаш борасида биргаликда лойиҳалар, дастурлар амалга ошириш, хорижий олимлар, магистр ва докторантлар ўртасида тажриба алмашиш, конференция, семинар, қишки ва ёзги мактаблар ташкил этиш бўйича Институт томонидан маълумот тақдим этилиш кераклиги айтиб ўтилди.

Томонлар келгусида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришга кўпроқ эътибор қаратиш ва соҳага оид маълумотларни алмашишга ва ишчи учрашувларни ўтказиб боришга келишиб олдилар.

Чоп этиш