11 октябрь – Халқаро қизлар кунига бағишланган Форум доирасида ўтказилган илмий-амалий конференция

12:48 - 8 октябр Янгиликлар
579

2021 йилнинг 8 октябрь куни 11 октябрь – Халқаро қизлар куни муносабати билан Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицейида илмий-амалий конференция ўтказилди.

ness image

Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг қамровли ислоҳотлар доирасида Ўзбекистон Республикасида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилди. Аммо таълимнинг педагогика ва гуманитар фанлар (филология, педагогика, психология, маданият ва санъат) йўналишларида таҳсил олаётган хотин-қизлар улуши 68 фоизни ташкил этса, муҳандис-техник (ахборот технологиялари, энергетика, инженерия) ва ҳуқуқшунослик соҳаларида уларнинг улуши ҳамон пастлигича (24 фоиз) қолмоқда.

Мавжуд муаммоларнинг ечими сифатида мамлакатимизда амалга оширилаётган гендер стратегиясининг асосий вазифалари жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан муносабатларида хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг иштирок этишларини қўллаб-қувватлаш, қарор қабул қилишда уларнинг етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни яратишдан иборат. Бугунги конференция ҳам гендер стратегияси бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бир қисми ҳисобланади.

“Халқаро қизлар куни” БМТ Бош Ассамблеясининг 2011 йилнинг 19 декабрдаги резолюциясига асосан 2012 йилдан бошлаб ҳар йилнинг 11 октябрида нишонлана бошланган. Жорий йилда ушбу ўзига хос сана 10 маротаба нишонланмоқда. БМТ томонидан халқаро ташкилотлар, аъзо давлатларга ушбу санани кенг нишонлаш, бутун дунё бўйлаб қизларнинг ҳаёт тарзи, ҳуқуқ ва эркинликлари, улар дуч келадиган ижтимоий муаммолар, яшаш шароитлари билан боғлиқ ҳолатларни тадқиқ этиш тавсия этилади. Ҳар йили ушбу кун муносабати билан бутун дунёда гендер тенглиги, эрта никоҳ, таълим олишдаги тенгсизлик, меҳнат муносабатлари, замонавий касб-ҳунарларни эгаллашдаги нотенглик каби қизлар учрайдиган глобал муаммоларга жамоатчилик нигоҳи қаратилади, миллий ва халқаро даражадаги илмий анжуманлар, форумлар, учрашувлар ташкил этилади. Ушбу илмий-амалий конференция ҳам ҳар йилги анъананинг давоми сифатида ташкил этилди.

Мазкур конференцияда Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлиси Сенати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Олий ва ўрта маҳсус таълим вазирлиги, “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти, олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтларидан етук олимлар, мутахассислар, тадқиқотчилар иштирок этишди. Конференция ялпи мажлисини Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Кадирханова Малика Акбаровна, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Маруфова Гулнора Махмудовна, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Каримов Комилжон Ҳамидович ҳамда “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори, педагогика фанлари доктори, профессор Эгамбердиева Нодира Мелибаевна ўзларининг табрик сўзлари билан очиб бериб, конференция ишига муваффақият тилашди.

Ялпи мажлисда “Халкаро ва миллий ҳуқуқда гендер сиёсатининг айрим жиҳатлари”, “Мақом санъатининг бадий-эстетиқ моҳияти”, “Қиз бола бахтли бўлиш учун туғилган” каби мавзуларда маърузалар тақдим этилди.

Конференция ялпи мажлисдан сўнг шўбаларга бўлинган ҳолда ўз ишини давом эттирди.



Чоп этиш