Аҳолини рўйхатга олиш катта аҳамиятга эга жараён

06:12 - 8 октябр Янгиликлар
570
ness image

Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги "Маҳалла ва оила" институти ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси (ЮНФПА) билан ҳамкорликда ташкил этилган Халқаро конференцияда аҳолини рўйхатга олиш масалалари муҳокама қилинди.

Унда БМТнинг турли ташкилотлари вакиллари, Жаҳон банки ҳамда ўндан ортиқ мамлакатлардан олимлар, экспертлар, мутахассислар ва давлат идоралари вакиллари иштирок этди. 

Маълумки, ҳар бир мамлакатнинг ушбу масалага ўз ёндашуви бор, яъни рўйхатга олиш ишларини турли йўллар билан амалга ошириш мумкин. "Барқарор ривожланиш мақсадлари учун аҳолини рўйхатга олиш маълумотларидан фойдаланиш йўллари" деб номланган мазкур тадбирда ҳам ушбу мавзу иштирокчилар диққат марказида бўлди. Зеро, аҳолини рўйхатга олишнинг статистик аҳамияти шундан иборатки, бунда аҳолининг кўплиги, жинси ва ёш таркибини ҳисобга олиш, аҳолининг демографик, ижтимоий ва иқтисодий хусусиятларини ўлчаш, шу жумладан, этно-лингвистик таркиб, таълим ва тайёргарлик даражаси, аҳолининг никоҳ ва оила таркиби, фуқаролиги, бандлиги ва ишсизлиги, аҳолининг миграцияси, уй-жой шароитлари, кичик ҳудудлар ва аҳолининг алоҳида гуруҳлари тўғрисида аниқ ва батафсил маълумот тўпланади. Бу эса сиёсий қарорлар қабул қилиш, иқтисодий-ижтимоий дастурлар ва мамлакат ривожланишининг прогнозларини ишлаб чиқиш учун ўта аҳамиятли ҳисобланиб, буларнинг барчаси барқарор ривожланиш мақсадларига эришишнинг мониторинги доирасида, айниқса, муҳимдир. 

Анжуманда иштирок этган МДҲ мамлакатлари Статистика бошқармаси вакили Ирина Зубарская аҳолини рўйхатга олиш аҳамиятга молик экани, лекин жудаям қийин жараёнлигини таъкидлади. Маълумки, Ўзбекистонда охирги марта аҳолини рўйхатга олиш 1989 йилда ўтказилган. Аҳолини рўйхатга олиш минтақа статистикаси учун ҳам муҳимдир. Чунки у минтақа аҳолиси ҳақидаги асосий ахборот манбаи ҳисобланади. 

БМТнинг иқтисодий ва ижтимоий ишлар бошқармаси аҳолини прогнозлаштириш бўлими мутахассиси (ЮНДЭСА) Томас Шпоренберг тадбирда онлайн тарзда иштирок этиб таъкидладики, БМТнинг расмий аҳоли сони ва прогнозлари (WPP) маълумотларини ҳисоблаш учун мазкур ташкилотнинг барча субъектлари иштирок этишини ва кўрсаткич сифатида аҳоли сонини киритиш талаб қилади. 

Бу йўналишда рўйхатга олиш ишлари бўйича қилинадиган ишларнинг асосийси таққослашдан иборатдир. Яъни, ташқи маълумотлар билан тўғридан-тўғри таққослаш, умумий туғилиш ва (чақалоқлар) ўлими ва бошқалар бунга киради. Назарий тақсимотлар билан таққослаш: ёш-жинс тақсимоти; барқарор аҳоли моделини ўрнатиш (кўпроқ тарихий даврлар учун) 2 ёки ундан кўп рўйхатга олиш шулар жумласидандир. 

-Таълим ривожи концепциялари 30-йилгача уч хил таълим бериш кўзда тутилган. Булар: мактабгача таълим, умумий ўрта таълим ва олий таълимдан иборат. Бундан ташқари, гендер тенгликка эришиш асосий вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон бу борада катта муваффақиятларга эришмоқда, -дейди “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураҳмонов. 

Польша статистика бошқармаси вакили Януш Дегачевич ўз мамлакатидаги аҳоли ва уй-жойларни рўйхатга олишда жуғрофий маълумотларнинг ўрни ва аҳамияти тўғрисида сўзлаб берди. Хусусан, Польшада 2021 йилнинг 1-апрелидан 30-сентябригача рўйхатга олиш ишлари якунланган. КОВИД-19 сабаб бу жараёнда телефон, компьютер ва онлайн интервьюлардан фойдаландик. Шунингдек, электрон почталар орқали маълумот йиғиш ҳам қўлланилган. –Натижалар чакки бўлмади, – дейди Януш Дегачевич. 

Ўтган йили қўшни Тожикистонда ҳам аҳолини рўйхатга олиш бўлиб ўтди. Тожикистон Статистика бошқармаси масъул ходими Ворис Муродовнинг фикрича, биринчи навбатда аҳолини рўйхатга олиш учун пухта тайёргарлик кўрилиши керак. Унинг таъкидлашича, Тожикистонда бу жараённи амалга оширишда донорлар жуда катта ёрдам кўрсатишган. 

 

Мирасрор Аҳроров, ЎзА

Манба

Чоп этиш