Она тили дарслари нега қисқартирилмоқда? - Республика таълим маркази директори билан суҳбат

12:18 - 23 октябр Интервью
1323

Халқ таълими тизимида она тили фани соатларининг қисқараётгани шу кунларда ОАВ ва ижтимоий тармоқларда турли мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бу борадаги баҳслар Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовнинг масала юзасидан тушунтириш бериши ҳамда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодировнинг вазир фикрларига нисбатан билдирган эътирозларидан кейин анча жонланди.

Кун.уз мухбири масала юзасидан батафсил маълумот олиш ҳамда фан соатларининг нима сабабдан оптимизация қилинаётганига аниқлик киритиш мақсадида Республика таълим маркази раҳбари Шуҳрат Сатторов билан интервью уюштирди.

– Шуҳрат ака, мавзуга киришдан аввал таълим маркази фаолияти бўйича маълумот берсангиз.

– Республика таълим маркази таълим тизимининг юраги деб айтишимиз мумкин. Таълимнинг мазмун-моҳияти ва кейинги режалари айнан шу марказда тайёрланади. Оддий ўқув стандартларидан бошлаб, ўқув дастури ва дарсликлар, ўқитиш методикасигача шу ерда яратилади. Нимани ўқитамиз ва қандай ўқитамиз, деган саволларга республика таълим маркази жавоб беради.

– Фикр ва мунозараларга сабаб бўлаётган ўзгариш – мактабларда она тилини фани соатларининг қисқаришдан қандай мақсад кўзланган? Шунингдек, бу фан мисолида айнан қандай оптимизация кутилмоқда?

– Биринчи навбатда қайд этиб ўтиш лозимки, Алишер Қодировни кучли сиёсатчи сифатида биламиз, лекин у бундай баёнот беришдан аввал масаланинг моҳиятига етиб борганида жуда яхши бўларди. Бугун олдимиздаги асосий мақсад ўзгариш эмасми? Тараққиётни хоҳласак, ўзгаришимиз керак эмасми? Янгиликларни қабул қилишимиз керак эмасми? Агар биз ҳар қандай янгиликка эҳтирос билан муносабат билдирадиган бўлсак, бу ўша янгиликни омма олдида ёмонотлиқ қилиши мумкин. Ёки ҳукуматни халққа душман қилиб кўрсатиши мумкин. Баёнотда бир қатор англашилмовчиликлар мавжуд. Тил бу – инсон тафаккурини шакллантирувчи жуда катта хазина, бойлик. Биз ҳам айнан тилнинг орқасидан шунчалик азиз бўлиб юрибмиз.

Халқ таълими вазирининг 52-сонли буйруғи мавжуд – «Умумий ўрта таълим мактаблари учун 2020-2021 ўқув йилига мўлжалланган таянч ўқув режасини тасдиқлаш тўғрисида». Умумий ўрта таълим мактаблари учун ҳафталик ўқув соатлари белгиланади. Бир ҳафта давомида бола қайси фанни неча соат ўқиши белгилаб берилган. Бунда ҳеч бир синфда она тили икки соат ўқитилиши кўрсатилмаган. Ваҳоланки, баёнотда она тили икки соат ўқитиларкан, деб айтилмоқда. Бу йил мақбуллаштирилган бошланғич 2-, 4-, синфларда ўқувчи она тилини 7 соатдан ўқияпти. 5-, 6-синфларда эса олти соатдан ўқияпти. Яъни ўқувчи бир кунда бешта фан ўқиса, шулардан бири она тили.

Ўқувчининг синфда бирон фанни ўзлаштириш учун ажратган вақтини кўрсатувчи ўқув юкламаси мавжуд. Ўқувчилар ҳафта давомида 327 соат вақтини синфхонасида турли фанларни ўқиш билан ўтказишади. 2019-2020 ўқув йилида мана шу кўрсаткич 327 соат эди, янги ўқув йилидан бошлаб буни янада мақбуллаштириш топшириғи берилди. Ҳафталик ўқув юкламасини 314 соатга қисқартирдик. Ўқув юкламаси 327 соат бўлганда, шунинг 68 соати она тили ва адабиёт фанлари учун ажратилар эди. Бу умумий ўқув юкламасининг 20,7 фоизини ташкил этарди.

Янги ўзгариш – 314 соатлик ўқув юкламаси бўйича она тили ва адабиёт фани 57 соат ўтилади. Бу умумий ўқув юкламасининг 20,4 фоизини ташкил этади. Яъни ўзгариш ҳаттоки бир фоиз ҳам эмас.

Дарсликларда грамматика, назария камаймоқда, эндиликда уларни ҳазм қилиш ҳам осонлашади. Шу нарсани ҳам унутмаслик керакки, ўқувчи ҳафтанинг 6 кунида битта фанни такрор ва такрор ўқийдиган бўлса, бу унга оғирлик қилади. Ўзлаштириш сифати тушиб кетади. Халқаро таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳафта давомида 5 соатдан ортиқ ўрганилган ҳар қандай фан ўқувчини зада қилиб қўяди. Ўқувчи бугун ўзлаштиради, эртага келиб яна ўзлаштиради... Ваҳоланки, бизнинг китобларимиз грамматика, назария қонун-қоидалари билан тўлдириб ташланган экан, бола буни қандай қилиб ҳазм қилиши мумкин? Бу муаммо ўзлаштириш кўрсаткичи билан боғлиқ камчиликларни келтириб чиқармоқда.

Ўқувчига ҳафтасига 4-5 соат дарс берайлик, осон, ҳаётда татбиқ этиладиган амалий қоидалар, машғулотлар орқали ўргатайлик. Бола мана шунда ўзининг тилини яхши тушунади. Шундагина бу тил унинг тафаккурига хизмат қилади.

Чоп этиш