Научная библиотека

Мамлакатимизда меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш, меҳнат миграциясидан қайтиб келган шахслар реинтеграциясини таъминлаш, уларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди, меҳнат мигрантларининг ҳаёти ва соғлиғини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ЎзЛиДеП қурултойида ташқи меҳнат миграцияси масаласига алоҳида тўхталиб, бу борада қуйидагиларни таъкидлаб ўтди: “Бугунги кунда 2 миллион атрофидаги аҳолимиз рўзғорини тебратиш учун оиласи, ота-онаси ва фарзандларидан узоқда – чет мамлакатларда меҳнат қилмоқда.

...Хорижга ишлаш учун бораётган аҳолимизни касбга ва чет тилларига ўқитиш кўлами кенгайтирилади. Уларнинг Европа ва Осиёнинг юқори ҳақ тўланадиган мамлакатларига ишга боришлари учун кўмаклашамиз”1.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини 86-мақсади ҳам “хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини таъминлаш ҳамда самарали миграция сиёсатини юритиш2га бағишланган.

Шу билан бирга, бугунги кунда ишсизлик, камбағаллик, қарздорлик, уй-жойга эга бўлмаслик ва муҳтожлик каби иқтисодий сабаблар билан бир қаторда, оиладаги келишмовчиликлар, ажралишлар, аёлларнинг ўзи ва фарзандларининг билим олишга ва ривожланишга бўлган интилишлари каби ижтимоий омиллар аёллар меҳнат миграциясининг ривожланишига сабаб бўл- моқда.

Аёллар меҳнат миграцияси унинг иштирокчилари учун даромад топиш ва иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш ҳамда профессионал жиҳатдан ўсиш каби ижобий имкониятларни яратиши билан бир қаторда одам савдоси, жинсий зўравонлик, дискриминация ва таҳқирлаш қурбонига айланишларига замин яратмоқда. Шу билан бирга, эркаклардан фарқли равишда аёллар реципиент жамиятга ва кейинчалик миграциядан қайтгач ўз ватанига мослашишда, оилада ўз ўрни ва мавқеини тиклашда, фарзандлар тарбиясини назорат қилишда олдинги профессионал кўникмаларининг эскириши туфайли талабгирлигининг сусайишида, меҳнат қобилиятини йўқотганда пенсия билан таъминланиш кабиларда муаммоларга учраши уларнинг руҳий ва жисмоний ҳолатига жиддий таъсир кўрсатиши табиий ҳол. Аёлларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан носоғломлиги эса бутун бир оиланинг ёки жамиятнинг маънавий носоғломлигини келтириб чиқариши муақаррар.

Аёллар меҳнат миграциясининг ривожланиши шароитида донор мамлакатларда фақатгина отаси ёки онаси бор ёки умуман ота-онасиз ўсаётган оилалар, никоҳдан ажралишлар, фарзандлари парваришга муҳтож қариялар сони ортиб бормоқда, туғилиш кўрсаткичлари ва никоҳлар сони қисқармоқда, баъзан эса, аёл мигрантларнинг ор-номусига бўлган ишонч ва уларга бўлган ҳурмат сусаймоқда. Бу эса мазкур мамлакатлардаги иқтисодий муаммоларни ҳал этиш мақсадида салбий оқибати катта бўлган ижтимоий муаммоларнинг юзага келишига ва мамлакатда ижтимоий босимнинг ортишига олиб келмоқда.


МУНДАРИЖА

КИРИШ   5

1. Аёллар меҳнат миграциясининг келиб чиқиш сабаблари, омиллари ва оқибатлари  7

2. Аёллар меҳнат миграциясини ҳуқуқий тартибга солиш        14

3. Аёллар меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича халқаро механизмлар   23

4. Аёллар меҳнат миграциясининг асосий оқимлари ва замонавий йўналишлари 39

5. Аёллар меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича Осиё мамлакатлари тажрибаси        50

6. Ўзбекистон Республикасида аёллар ташқи меҳнат миграциясининг таҳлили  62

7. Аёллар миграциясининг оила институти деформациясига таъсири 71

8. Аёллар миграцияси ижтимоий соҳа инфратузилмасига босим сифатида 86

9. Мигрант аёлларни ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари       101

10. Хориждан қайтган аёл меҳнат мигрантларини реинтеграция қилиш 116

11. Аёллар меҳнат миграциясини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш 122

ХУЛОСА131

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ134