Scientific Library

Жамоатчилик назорати фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим шарти ҳисобланади. Жамоатчилик назорати бўлмаган ёки жамоатчилик назорати етарли даражада кучга эга бўлмаган мамлакатда фуқаролик жамияти шаклланишини ҳам тасавввур қилиш қийин. Жамоатчилик назоратини ташкил қилиш масалаларини таҳлил қилишдан аввал “жамоатчилик назорати” тушунчасининг турдош тушунчалар билан умумий жиҳатлари ва тафовутларини аниқлаб олиш лозим.

Давлатимиз раҳбари Ш.М.Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида тўғри танқид қилганидек, “... бугунги кунга қадар давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг аниқ ҳуқуқий механизмлари яратилмаган. Бу эса нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятини холисона баҳолашга ҳалақит бермоқда. Шундан келиб чиқиб, давлат ва жамият бошқарувида жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг таъсирчан ва амалий механизмларини жорий этиш мақсадида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш зарур. Шу муносабат билан барча давлат органлари қошида фаолият олиб борадиган жамоатчилик кенгашлари ташкил этишни таклиф қиламан. Мазкур жамоатчилик кенгашлари давлат органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлайдиган, уларни аҳоли билан бевосита боғлайдиган кўприк вазифасини бажариши лозим”.