Scientific Library

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорида оилани ривожлантиришга глобал даражада Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Барқарор тараққиёт мақсадлари ҳамда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида қаралиши таъкидланади. Унга кўра, бугун Ўзбекистонда оила институтини мустаҳкамлаш бўйича давлат сиёсатини мувафаққиятли амалга оширишга халақит бераётган бир қатор тизимли тўсиқлар мавжуд бўлиб, улардан бири – замонавий оила моделини яратишга оид илмий тадқиқотлар ўтказилмаётгани, бу тадқиқотларнинг натижаларини амалиётга жорий этиш йўлга қўйилмагани ва кадрлар етишмаётганидир[1]. Президентимизнинг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида эса замонавий намунали оила моделини ва мезонларини яратиш, “замонавий оилани ривожлантириш, оиланинг ички муносабатлар, шахслараро муносабатлар, бой маданий-тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича тадқиқотлар ўтказиш, улар асосида оила институтини мустаҳкамлаш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ва оилавий ажрашишларнинг олдини олиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш” зарурлиги таъкидланади[2].


[1] Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори // Халқ сўзи, 2018, 28 июнь.

[2] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги Фармони // Халқ сўзи, 2018, 3 февраль.