Scientific Library
Мамлакатимизда оилага оид давлат сиёсатининг асосий йўналишлари инсон ҳаёти ва тараққиёти учун оиланинг бетакрор қадриятлари: жамият ҳаётида, янги авлодни тарбиялаш, миллий маданий- ахлоқий қадриятлар, урф-одат, анъаналарни сақлаш, асраб-авайлаш ва келажак авлодга етказишда оиланинг тутган ўрни ва аҳамиятининг тан олинишига асосланган. Анъанавий оилавий қадриятлар асосида оилани ривожлантириш, оилада эркак ва аёлнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, оиланинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига эришиш, оиланинг ижтимоий-маънавий муҳитини яхшилаш, оила институтини мустаҳкамлаш масалаларида давлат органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шериклигини кучайтиришга йўналтирилган.
Оила манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, унинг жамиятдаги муҳим ижтимоий институт ва баркамол авлодни тарбиялаш ўчоғи эканлиги, оиланинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-тарбиявий асосларини қўллаб-қувватлаш, оилавий тарбия, гендер тенглиги билан боғлиқ масалалар кун тартибидаги асосий масалалар саналмоқда.
Шу билан бирга, оила институти мустаҳкамлигига таҳдид солувчи қатор омиллар ҳам мавжуд. Хусусан, глобаллашув жараёнларининг жадаллашуви, жамиятда оилавий муносабатлар маданиятининг пасайиши ва анъанавий қадриятларга нисбатан оила аъзоларида янгича муносабатнинг шаклланиши, иқтисодий интеграция, давлатлар ўртасидаги иқтисодий ривожланиш бўйича тафовутларнинг янада чуқурлашуви, ахборот-коммуникация технологияларининг тараққий этиши ва глобал интернет тармоғининг кенг қулоч ёйиши, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларининг кучайиши каби омиллар шулар жумласидандир.