author image
Mohira Kholiqova

09:02 - 6 November 3489

Мамлакатни бир кун одилона бошқарган подшоҳнинг иши

60-70 йил ҳаж қилишдан афзалдир.

Ҳадиси шариф


Бошқариш - яхши ишлаётганларга халақит қилмасликдир.

Петр Капица


Глобаллашув, кенг миқёсдаги интеграция, барча соҳаларда янги технологияларни ўзлаштириш, инновацияларни жорий қилиш - замонавий менежмент - бошқарув тизими олдига ҳам янги талабларни қўймоқда.

Замонавий корпорациялар бошқариладиган ижтимоий тузилма эканлиги эътиборга олинса, улар фаолиятини самарали ташкил қилмоқ учун корпоратив бошқарувнинг қуйидаги энг муҳим тамойилларини тадбиқ этиш мақсадга мувофиқлиги англашилади:

  • Стратегик режалаштириш;
  • Мақсад ва вазифаларни аниқ белгилаш;
  • Тайм-менежмент;
  • Корпоратив маданиятни йўлга қўйиш;
  • Умумий стратегик манфаатлар йўлида ҳаракат қилувчи жамоа;
  • Бошқарувга инновацияларни татбиқ этиш;
  • Кадрларнинг малака ошириш тизимини йўлга қўйиш;
  • Корхона имиджини шакллантириш.

Ҳар бир ташкилотнинг самарали фаолиятида жамоа тақдири учун масъулиятни ҳис этадиган, ўз вақтида ва тўғри қарор қабул қила оладиган, қатъиятли, адолатпарвар, харизматик лидерларнинг роли жуда муҳим.

Адолатли ҳукмдор ғояси азалдан миллатлар орзуси бўлиб келган. Инсониятнинг буюк вакиллари Платон, Аристотель, Суқрот, Эразм Роттердамский, Форобий, Алишер Навоий, Вольтер, Николло Маккиавелли, Томмазо Кампанелла ўз шох асарларини айнан шу ғояга бағишлаганлар.

Замонавий раҳбарнинг муҳим компетенцияларига қуйидагилар киради:

  • Лидерлик
  • Тизимли фикрлаш
  • HR-менежмент;
  • Сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий билимлар
  • Ўзига ишонч
  • Нотиқлик маҳорати
  • Self-менежмент
  • Низоларни бошқариш
  • Прогностик қобилият
  • Шахсий харизма
  • Интуиция

Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, жорий йилнинг сентябрь ойидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги тизимида марказий аппарат ва ҳудудий бошқармаларида фаолият олиб борувчи раҳбар ва мутахассисларнинг сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий, касбий билим ва компетенцияларини шакллантириш масалаларига бағишланган туркум тренинглар бошланди.

Тренинг ўқув дастуридан раҳбар ва мутахассисларнинг сиёсий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган қуйидаги долзарб мавзулар ўрин олган:

  • менежмент асослари (лидерлик, PR-менежмент, тайм-менежмент);
  • бошқарувда сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий билимларнинг ўрни;
  • инсон ресурсларини самарали бошқариш;
  • замонавий раҳбарнинг профессионал компетенциялари;
  • раҳбарнинг муомала маданияти ва нотиқлик маҳорати.

Шунингдек, АҚШнинг Халқаро ривожланиш агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури (JRUP) доирасида оила институтини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглиги масалалари бўйича Адлия вазирлиги билан ҳамкорлик меморандуми ҳамда ўзаро келишувга мувофиқ соҳага оид қуйидаги муҳим қонунларнинг амалиётга имплементация қилиш масалалари батафсил ўрганилмоқда:

  • Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни;
  • Ўзбекистон Республикасининг “Медиация тўғрисида”ги қонуни.

Мутахассисларда гендер тенглигини ижтимоий-сиёсий соҳаларда татбиқ этиш, оилавий низоларни ҳал қилишда прогрессив методикалардан фойдаланиш, оилавий медиацияни ўтказиш учун зарур бўлган билим, кўникмаларни шакллантиришга алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Тренинг машғулотлари “Маҳалла ва оила” илмий-тадқиқот институти илмий ходими Моҳира Холиқова, халқаро тренерлар томонидан интерфаол усулларда (ақлий ҳужум, лойиҳалаш, кичик гуруҳларда ишлаш), кейс ва фасилитация технологиялари асосида ўтказилмоқда.

Тренинг якунида иштирокчиларга сертификатлар тақдим этиб борилади.

Print out